Коронавирус: Хитойдан ташқарида иккинчи ўлим ҳолати қайд этилди
Коронавирус оқибатида Хитойдан ташқарида иккинчи ўлим ҳолати Гонконгда қайд этилди: 39 ёшли эркак киши вафот этди.
Филиппинда 44 ёшли эркак коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида хабар бергандик.
«Reuters» хабарига кўра, 39 ёшли беморнинг ўлимига тиббиёт ходимлари иш ташлаши ҳам қайсидир маънода сабаб бўлган. Чунки барча врачлар норозилик намойишига чиқиб кетгани боис кўплаб касаллар қатори коронавирусни юқтирганларнинг ҳам аҳволи ёмонлашган.
Маълум қилинишича, вафот этган киши 21 январь куни Хитойнинг Ухань шаҳрига борган, бир-икки кундан кейин Гонконгга қайтиб келган, унда касалликнинг илк симптомлари 31 январь куни юзага чиққан. Врачларга мурожаат қилганида коронавирус ташхисини қўйишди. Касаллиги зўрайиб кетишига илгаритдан юрак хасталигидан азият чекиб келгани ҳам сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Душанба, 3 февраль куни 2700 нафар тиббиёт ходими Гонконг чегараларини ёпиш ҳамда касалхоналар ходимларини коронавирусдан ҳимоялаш ҳамда талаби билан намойишга чиқишган эди.
Эслатиб ўтамиз, Хитойда яқинда бўлган хорижликлар учун АҚШ, Австралия, Сингапур, Янги Зеландия ва Вьетнам ўз чегараларини ёпган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter