«Коронакризис»: Япония иқтисодчилари 1955 йилни эсга олишди
Япония иқтисодиёти, коронавирус тарқалишига қарши қўлланган чекловлар фонида мисли кўрилмаган пасайиш томон юз бурди. Кунчиқар юрт ҳукумати бугун, 17 август санасида очиқлаган маълумотлар бунга шоҳидлик беради, деб ёзмоқда «Прайм».
2020 йилнинг апрель — июнь ойларида, пандемия тарқалишининг олдини олиш учун инсонлар ўртасида мулоқотлар чекланиб, ишбилармонлик фаоллиги чекланган даврда, ЯИМнинг реал қулаши ўтган чоракка нисбатан мавсумий тебранишларни ҳам назарда тутганда 7,8 фоизни ташкил этди, йиллик қиёсда эса пасайиш 27,8 фоизга баҳоланган. Салкам 5 триллионлик япон иқтисодиёти учун 1 фоиз йўқотишнинг ўзи қанчага тушишини ҳисоблаб олаверинг.
Ялпи ички маҳсулот ўсишидаги манфийлик қаторасига учинчи ой кузатилмоқда. Ҳозирги пасайишни Япония ҳукумати 1955 йилдан бери энг йириги дея баҳолади.
Токиода ва яна олтита префектурада 7 апрелдан одамларни уйда қолишга мажбур этувчи фавқулодда вазият тартиби жорий этилди, кейинчалик бу чеклов май ойи охирига қадар бутун мамлакат учун татбиқ этилди. Бутун мамлакат бўйлаб бизнесга қаттиқ зарба берган чекловларни ҳукумат босқичма-босқич юмшатиб борди.
Япония иқтисодиётининг катта ярмини ташкил қилувчи истеъмол харажатлари ўтган чоракка нисбатан 8,2 фоизга қисқариб кетди, чунки ФВ шароитида дўконма-дўкон юришлар камаяди, ресторанлар-у саёҳатларни-ку айтмаса ҳам бўлади.
Товарлар ва хизматлар экспорти, хусусан, хорижлик сайёҳлар ҳисобига олинадиган даромалар чорак ҳисобида (апрель — июнь) 18,5 фоизга, йиллик қиёсда 56 фоизга қисқариб кетган.
Иқтисодиётни тиклаш ишлари вазири Ясутоси Нисимура (у COVID-19га қарши чоралар учун ҳам масъул) ҳукумат вазиятни ўнглаш учун барча чораларни кўришига умид билдирди.
«Киодо» агентлигига кўра, Япония ҳукумати ЯИМнинг 2020 йил иккинчи чорагига доир янада батафсил маълумотини шу йилнинг 8 сентябрида эълон қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter