Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Кўринмас қотил. Эронлик таниқли олим қандай ўлдирилгани маълум бўлди

Кўринмас қотил. Эронлик таниқли олим қандай ўлдирилгани маълум бўлди

Фото: AP

Эрон ядро дастурининг раҳбари Муҳсин Фахризоданинг сирли ўлимига доир тафсилотлар очиқланди. «The New York Times» газетасининг хабар беришича, таниқли физик олим Исроил махсус хизмати – «Моссад» агентлари томонидан робот қотил ёрдамига ўлдирилган. Бу ҳақда АҚШ ва Исроил ҳукумати ҳамда разведка хизматидаги манбалар маълум қилган.

Қайд этилишича, Исроил жосуслик хизмати Муҳсин Фахризодани 2009 йилдан буён маҳв этишга ҳаракат қилиб келган. 2018 йили АҚШ Эрон билан тузилган ядро битимидан бир томонлама чиқиб кетгач, Исроил разведкаси М.Фахризодага қарши янги суиқасд режасини тузган. 

Қотиллик 2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон шаҳри яқинидаги қасабада амалга оширилган. Фахризода ҳаракатланаётган автомобиль масофадан туриб бошқарилган «FN MAG»  пулемётидан ўққа тутилган. Бир тонналик конструкция Эрон ҳудудига қисмларга бўлган ҳолда олиб кирилган ва қайта йиғилган. Робот қотил Эронда кенг тарқалган Zamyad автомобилига ўрнатилган. Автомобиль Фахризода доим ўтадиган йўлда кутиб турган ва унинг машинаси яқинлашиши билан масофадан туриб ўқ ёғдирган. Нишон маҳв этилгач, машина портлатиб юборилган.

Муҳсин Фахризоданинг ўлимидан кейиноқ суиқасд ортида Исроил махсус хизмати  тургани ҳақида тахмин айтилган эди.

Жорий йил июнь ойида ОАВга интервью берган «Моссад»нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн Исроил махсус хизматининг Муҳсин Фахризода ўлимига алоқадор эканини на тан олган, на рад этган. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён «Моссад»нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган.

Исроил ҳукумати раҳбари Б.Нетаняҳу 2018 йили Эрон ядро дастурига доир махфий маълумотларни ошкор этар экан, профессорнинг суратини кўрсатиб, «Ушбу исмни эслаб қолинглар: Муҳсин Фахризода!» дея хитоб қилган эди. Қолаверса, бунга қадар ҳам мазкур давлат махсус хизмати томонидан Эроннинг яна бир неча ядро соҳаси мутахассиси ўлдирилгани айтилади.

Эрон мудофаа вазирлигининг инновация ва тадқиқотлар бўлими раҳбари, Имом Ҳусайн номидаги университет профессори саналган Муҳсин Фахризода кўп йиллар давомида мамлакатнинг ядро соҳасидаги тадқиқотларига бошчилик қилган. Айрим Ғарб нашрлари Фахризодани Иккинчи жаҳон урушида АҚШда ядро қуролини яратиш лойиҳасига бошчилик қилган Роберт Оппенгеймга муқояса этишади. Фахризода «Эрон ядро соҳасининг отаси» деб ҳам аталгани ҳам маълум.

АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши қошидаги қуролланишга қарши тузилманинг собиқ раҳбари Эрик Брюэрга кўра, профессор Фахризоданинг ўлдирилиши у бошчилик қилаётган лойиҳаларнинг тўхтаб қолишига олиб келади.

Мудофаа соҳаси эксперти Муҳаммад Маранди эса олимнинг ўлдирилиши илмий изланишларга у қадар таъсир этмайди деб ҳисоблайди. Унинг қайд этишича, сўнгги 10 йил давомида Эронда Фахризоданинг ишини давом эттирувчи олимлар авлоди шаклланди ва улар марҳум мутахассиснинг тадқиқотларини давом эттира олади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг