Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Картошка кимники? «PepsiCo» фермерлардан жарима ундирмоқчи

Картошка кимники? «PepsiCo» фермерлардан жарима ундирмоқчи

Фото: «CNN»

АҚШнинг «PepsiCo» компанияси «Lay's» чиплари учун мўлжалланган картошка навини етиштирган ҳиндистонлик тўрт нафар фермердан 10 миллион рупийдан жарима ундирмоқчи. Бу ҳақда «CNN» хабар берди.

Машҳур «Lay's» чиплари бренди «PepsiCo» компаниясига тегишли. Эътибор берган бўлсангиз, футбол юлдузи Лионель Месси ҳар икки маҳсулот рекламасида қатнашади.

Корпорация бу фермерларга шу картошка навини етиштиришга расман рухсат бермаган экан. Энди уларнинг ҳар бири 10 миллион рупий (143 минг доллар)дан жарима тўлаши талаб қилиняпти.

Фото: «Twitter»

«India Today» маълумотларига қараганда, бу ерда гап картошканинг «FC5» нави ҳақида боряпти. «Lay's» чипслари уч хил картошкадан тайёрланади: «Atlantic», «FC3» ҳамда «FC5». Булар бошқа картошкалардан таркибида суви озлиги (оддий картошкаларда — 85 фоиз, «Lay's» картошкаларида — 80 фоиз) билан фарқ қилади, турган гапки, чипсни тайёрлашга камроқ вақт ва харж кетади.

Яна бир фарқи шуки, оддий картошкалар таркибида шакар кўплиги учун ёғда қовурилганида тез қорайиб кетади, «Atlantic», «FC3», «FC5» картошкалари қовурилганида эса унча-мунчага оч сариқ рангини йўқотмайди.

Жамоат фаоллари ва касаба уюшмалари фермерларни «PepsiCo»дан ҳимоя қилишни сўраб Ҳиндистон ҳукуматига мурожаат қилишди. Мурожаатда битилишича, картошка ҳатто муаллифлик ҳуқуқи билан мустаҳкамлаб қўйилган бўлса ҳам, мамлакат қонунлари фермерларга уларни етиштириш ва сотиш ҳуқуқини беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг