Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жулиан Ассанж нега Оқ уйга қўнғироқ қилган эди?

Жулиан Ассанж нега Оқ уйга қўнғироқ қилган эди?

Жулиан Ассанжни кимдир жосус, яна кимдир жасур қаҳрамон деб билади.

Фото: «Getty Images»

Лондонда WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж устидан суд жараёни давом этмоқда. АҚШ адлия вазирлиги Ассанжни жосусликда айблаб, уни Буюк Британиядан Қўшма Штатларга экстрадиция қилишни талаб қилмоқда. Навбатдаги суд мажлисида WikiLeaks асосчиси махфий маълумотлар эълон қилиниши арафасида Оқ уйга қўнғироқ қилиб, расмийларни огоҳлантиришга урингани маълум бўлди.

Расмий Вашингтон WikiLeaks асосчиси мамлакат разведкачиларига доир махфий маълумотларни эълон қилиб, улар ҳаётини хатарга қўйган деб ҳисоблайди. Ассанжнинг адвокати Марк Саммерс эса мазкур айбловни рад этмоқда.

АҚШ ҳукумати вакили маҳкама жараёнида Ассанжни журналист деб ҳисоблаб бўлмаслиги, демак, унга нисбатан сўз эркинлиги тамойилини татбиқ этиш нотўғри эканини таъкидлади.

2010 йили Ж.Ассанж ҳамда WikiLeaks ходимлари Америка дипломатиясига доир юз минглаб махфий маълумотларни таҳрирлаган ҳолда эълон қила бошлаган. Таҳрир жараёнида, дейлик, АҚШнинг хорижий давлатларда фаолият юритаётган разведкачиларини фош этиши мумкин бўлган тафсилотлар имкон қадар пардаланган. Аммо кейинроқ бу жараёнга дунёнинг етакчи матбуот нашрлари ҳам қўшилгач, таҳрирланмаган маълумотлар интернетга сизган. Адвокатларга кўра, вазиятдан назоратдан чиқиб, АҚШ разведкачилари ҳаётини хавфга қўйиши мумкин бўлган маълумотлар тарқалиши арафасида Ассанж бу ҳақда АҚШ маъмуриятини огоҳлантиришга уринган. Хусусан, у ўша кезлар Оқ уйга – давлат котиби Ҳиллари Клинтонга қўнғироқ қилиб, жуда муҳим масалада гаплашмоқчи эканини айтган. Аммо давлат котиби маъмурлари кейинроқ қўнғироқ қилишни айтиб алоқани узиб қўйган.

Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишга оид маҳкама ҳали давом этади.

Вашингтон мулозимлари Жулиан Ассанжни махфий маълумотларни ошкор қилган ҳамда разведка хизмати вакиллари ҳаётини хатарга қўйган ашаддий жиноятчи деб билади. Айни чоқда, Ассанжни сўз эркинлиги ҳимоячиси, ҳеч ким журъат қилмаган ишга қўл урган қаҳрамон деб билувчилар ҳам талайгина.

2019 йил сентябрдан буён Ж.Ассанж Лондондаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонанинг бир кишилик камерасида сақланмоқда. Бунга қадар у етти йил давомида Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида яшаган. Швеция ҳуқуқ идоралари Ассанжни номусга тегиш жиноятида айблагач, Эквадор ҳукумати вақтинча бошпана бериб, уни элчихонада сақлаган.

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг