«Жосус журналист» ишига доир тафсилотлар очиқланди
Япониялик журналист Россияда жосусликда гумонланиб қўлга олинган. Бу ҳақда «РИА Новости» Россия ташқи сиёсат маҳкамасига асосланиб хабар берди.
Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари «Кунчиқар ўлка»дан келган журналист мамлакат ҳарбий салоҳиятига доир махфий маълумотларни олишга урингани учун ҳибcга олинганини иддао қилган.
Қайд этилишича, журналист 2019 йил 25 декабрь куни Владивостокда ҳибсга олинган. Унга Россия Жиноят кодексининг 276-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқбузарлик (жосуслик) ва унинг оқибати тушунтирилиб, уч сутка ичида мамлакатни тарк этиш шарти қўйилган. 48 ёшли журналист эртасигаёқ рус тупроғидан чиқиб кетган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги Япониянинг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчисини чақириб, унга норозилик нотасини топширган.
Маълум бўлишича, ҳибсга олиниб, сўнг қўйиб юборилган журналист Япониянинг «Киодо» агентлигида фаолият юритган. Таҳририят журналистнинг жосусликда гумонланганини шубҳали ҳолат дея талқин этган. «Киодо» агентлигига кўра, журналист Владивостокда одатдагидек журналистлик фаолияти билан шуғулланаётган пайтда қўлга олинган.
Япон ташқи сиёсат маҳкамаси журналистнинг ҳибсга олиниши ҳолатидан бохабарлигини маълум қилгани ҳолда, очиқ муносабат билдирмасликни маъқул кўрган.
Воқеалар ривожи япониялик журналистнинг ҳибсга олиниши шунчаки сиёсий руҳдаги воқеа дея талқин этишга ундайди. Негаки, хориж фуқароси (айниқса, Россия билан ҳудудий низоларга эга ўлка вакили!) ҳақиқатан ҳам жосуслик фаолияти билан шуғулланганда эди, Россия ҳуқуқ идоралари уни бир неча соат ушлаб туриб, осонгина қўйиб юбормаган бўлар эди.
Дарвоқе, «Кунчиқар ўлка»дан келган «жосус журналист» ҳақидаги хабарлар орадан бир ой ўтиб овоза этилишини қандай изоҳлаш мумкин?
Гап шундаки, жорий йил 25 январь куни Токиода «Softbank» ширкатининг собиқ ходими Россия савдо ваколатхонаси вакилларига махфий маълумотларни бергани учун қўлга олинди. Япон матбуотига кўра, гумонланувчи (маҳаллий фуқаро) айбини тан олган ва тақиқланган маълумотларни сотиш орқали мўмай даромад кўришни кўзлаганини билдирган.
Ушбу икки ҳодиса Россия ва Япония ўртасида кўп йиллардан буён давом этиб келаётган «жосус ови» ҳали-ҳамон тўхтамаганини англатади.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter