Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Жимгина томоша қилиш жиноятга шерик бўлиш дегани» — Фахриддин Алтун

«Жимгина томоша қилиш жиноятга шерик бўлиш дегани» — Фахриддин Алтун

Фахриддин Алтун.

Ғазо секторида инсоният тарихидаги энг шармандали ҳодиса рўй бермоқда, деди Туркия президенти девонининг Коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун ҳудудда қирғинбарот уруш кечаётганига 350 кун тўлиши муносабати билан берган баёнотида.

«350 кундан буён Ғазо аҳли дунёдаги энг шафқатсиз ҳужумларни бошдан кечирмоқда. 7 октябрдан буён инсоният қалбларда улкан жароҳатлар очган фожиага шоҳид бўлаётир. Ғазода башарият тарихининг энг шармандали саҳифалари битилмоқда. Шаҳарлар бомбаланмоқда, масжидлар, шифохоналар ва мактаблар ер билан яксон этилмоқда. Бегуноҳ тинч аҳоли вакиллари, журналистлар, болалар ва ҳатто гўдаклар қасддан уюштирилаётган тизимли ҳужумларга нишон бўлмоқда», — деб ёзди Туркия расмийси.

Маълумотларга қараганда, Ғазо секторида сўнгги 11 ой ичида Исроил ҳужумлари оқибатида 160 га яқин ОАВ ходими ҳалок бўлди.

«Исроил халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда ишончли ахборот манбаларига қарши зулм ва зўравонлик сиёсатини юритмоқда. Ҳақиқат йўлида фаолият юритаётган, дунё аҳлини минтақадаги ҳодисалардан воқиф этаётган журналистлар оммавий равишда ўлдирилмоқда», — деди профессор Фахриддин Алтун.

Расмий Анқара вакили Ғазо фожиасига томошабин бўлиб туриш хунрезликка шерик бўлиш билан баробар эканидан огоҳлантирди.

«350 кундан буён тўхтамаётган қатлиомни жимгина кузатиш ушбу жиноятга шерик бўлиш демакдир. Адолат учун, инсоният виждони учун, эртанги истиқбол учун овозимизни баралла баланд қўйишимиз ва ушбу қирғинни тўхтатиш учун ошиғич равишда амалий ҳаракатлар қилишимиз керак», — деди у.

Исроил ҳарбийлари ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 41 272 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 95 551 нафари жароҳатланди. Ҳаётдан бевақт кўз юмганларнинг 16 795 нафари болалар, 11 378 нафари аёллардир.

Бомбардимонлар оқибатида вайрон бўлган бинолар остида минглаб жасадлар қолаётгани айтилмоқда.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Ғазо секторидаги мисли кўрилмаган қирғинни зудлик билан тўхтатишни талаб қилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг