Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиддада жиддий янгилик. 75 миллиардли лойиҳа «мисли кўрилмаган» деб баҳоланмоқда

Жиддада жиддий янгилик. 75 миллиардли лойиҳа «мисли кўрилмаган» деб баҳоланмоқда

Лойиҳа кўҳна Жидда учун янги истиқбол дарвозасини очиши кутилмоқда.

Фото: JCP

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон мамлакатнинг иқтисодий бошкенти – Жидда шаҳрига доир йирик лойиҳани тақдим этди. «Жидда марказий лойиҳаси» (Jeddah Central Project) деб аталган иқтисодий дастурга 75 миллиард саудия риёли (қарийб 20 миллиард АҚШ доллари) ажратилиши кўзда тутилган.

«Reuters» ахборот агентлиги хабарига кўра, лойиҳа доирасида Қизил денгиз соҳили бўйлаб 5,7 миллион квадрат метр майдонда халқаро даражадаги курорт ҳудуд ташкил этилади.

Кўҳна Жиддага янгича руҳ бағишлаши кутилаётган лойиҳага мувофиқ, опера театри, музей, спорт майдони, океанариум, 17 минг тураржой, 2700 хонали меҳмонхоналар, ресторанлар, савдо мажмуалари ва соҳилбўйи дам олиш масканлари бунёд этилади. Бош тарҳни ишлаб чиқишда халқаро миқёсда тажрибага эга 500 га яқин муҳандис ва маслаҳатчи иштирок этган.

Таҳлилчилар томонидан «мисли кўрилмаган» деб баҳоланаётган янги лойиҳа Саудия иқтисодиётига 2030 йилдаёқ 47 миллиард риёл миқдорида қўшимча қиймат келтириши кутилмоқда.

Лойиҳа девелопери – «Jeddah Central Development» ширкати 2019 йилда таъсис этилаган. Тузилма директорлар кенгашига валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг ўзи раислик қилаётгани эса унинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан аҳамиятли эканини кўрсатади. Уч босқичли лойиҳанинг дастлабки қисми 2027 йилда якунланади.

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 2017 йилда 500 миллиард долларли «Neom» лойиҳасини ҳам эълон қилган. Фото: SPA

Саудия расмий ахборот агентлиги (SPA) хабарига кўра, Давлат инвестиция жамғармаси, халқаро ва маҳаллий сармоядорлар маблағи ҳисобидан барпо этилажак курорт ҳудуди минглаб янги иш ўрни яратиб қолмай, мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилишга ҳам ҳисса қўшади.

Гап шундаки, Саудия Арабистони ҳукумати сўнгги йилларда асосан энергетикага (нефть, газ) таянган мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этиш, илғор технологиялар ҳамда илм-фан ютуқларига асосланган саноат йўналишларини барпо этишга эътибор қаратмоқда. Бу борада «Нигоҳ-2030» дастурий ҳужжати қабул қилинган.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон 2017 йилда илгари сурган бошқа бир йирик ташаббус – «Neom» лойиҳаси ҳам айнан «Нигоҳ-2030»нинг таркибий қисмларидан бири саналади. Мамлакатнинг шимоли-ғарбида барпо этиладиган янги шаҳар технологик ва туристик марказ – саҳро бағридаги мўъжиза бўлиши кутилмоқда. Бу мақсадда Давлат инвестиция жамғармасидан 500 миллиард доллар ажратилиши белгиланган.

«Saudi Gazette» нашри «Jeddah Central Project» лойиҳаcи Жидда учун янги истиқбол дарвозасини очади деб ҳисоблайди.

Негаки, лойиҳа доирасида қадимий савдо анъаналарига эга шаҳарни замонавий технологияларни кенг татбиқ этган ҳолда «ақлли шаҳар»га айлантириш мақсад қилинган. Пировардида эса уни дунёнинг энг яхши 100 шаҳри сафига киритиш режалаштирилган.

Жидданинг эски шаҳар қисми Бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган. Фото: ЮНЕСКО

Жуғрофий жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган Жидда асрлар мобайнида минтақанинг савдо-тижорат марказларидан бўлиб келган. Манбаларга кўра, шаҳарнинг тамал тоши милоддан аввалги VII асрда қўйилган. 647 йили учинчи рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Жиддани Ҳаж зиёратига келувчи мусулмонларни қабул қилувчи асосий марказга айлантирган. Шу тариқа  Қизил денгиз бўйидаги порт шаҳарнинг аҳамияти янада ортган. Ўзбекистонлик ҳожиларга ҳам Жидда шаҳри таниш ва қадрдон. Зеро, Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага йўл олган ҳожиларимиз бу кентда ҳам қўноқ бўладилар.

Макка музофотининг бошкенти саналган Жиддада замонавийлик ва қадимийлик мужассам. Шаҳарнинг тарихий қисми – Ал-Балад ЮНЕСКО томонидан Бутунжаҳон мерос рўйхатига киритилган. Эски шаҳарда 600 га яқин тарихий бинолар, кўҳна масжиду бозорлар сақланиб қолган. Нақлиёт, саёҳат ва  тижорат бешиги бўлган Жидда эндиликда илғор технологиялар марказига ҳам айланиши кутилмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг