Жапаров АҚШ сенатори айбловига жавоб қайтарди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкек Москвага санкцияларни четлаб ўтишда кўмак бераётгани ҳақидаги айбловга муносабат билдирди.
Куни кеча АҚШ Сенати ташқи алоқалар қўмитаси раиси Роберт Менендес Қирғизистон раҳбарига мактуб йўллаб, ундан Россияга экспортни қатъий назорат қилишни сўрагани маълум бўлди.
Аввалроқ қирғиз ширкатига тегишли, Хитойда ишлаб чиқарилган ва Россияга етказилиши кўзда тутилган дронлар Қозоғистонда тўхтатиб қолингани ҳақида хабар чиққан эди.
С.Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида шу икки ҳолатни изоҳлаб, Қирғизистон Россияга санкцияларни четлаб ўтишда кўмак бераётгани ҳақидаги айбловда заррача асос йўқлигини таъкидлаган.
«Россия ва Хитойнинг кичик ҳудудли Қирғизистонга қараб қолган жойи йўқ. Бу икки мамлакат шундоқ ҳам қўшни саналади. Улар 4 минг километрлик умумий чегарага эга. Агар Россия хоҳласа, вагон-вагон ёки денгиз орқали кема-кема маҳсулот олиши мумкин. Ҳа, Қирғизистон компаниясига тегишли дронлар Қозоғистонда тўхтатиб қолингани рост. Компаниянинг изоҳига кўра, дронлар қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун ишлатишга мўлжалланган. Аммо, шунга қарамай, биз дронлар ва учувчисиз парвоз қиладиган қурилмаларни тақиқламоқдамиз», – дейди С.Жапаров.
Қирғизистон раҳбари америкалик сиёсатчи Роберт Менендеснинг мактубини «ўз томонига тортиш учун босим» деб баҳолаган.
«Биз – мустақил мамлакатмиз. Биз келгусида ҳам барча мамлакатлар билан тенглик асосида муносабат олиб борамиз, кўп векторлик ташқи сиёсат юритамиз. Россия ва Украина масаласида аввал-бошдан бетараф позицияни тутиб келяпмиз. Келгусида ҳам шу позицияда қоламиз. Қолаверса, позициямизни ўзгартирамизми-йўқми, вазият бирор бир томон фойдасига ўзгариб қолмайди. Бу бизга боғлиқ эмас. Биз сиёсат билан шуғулланаётганимиз йўқ, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга урғу беряпмиз. Бизни безовта қилмасинлар. Вассалом!» – дея жавоб қайтарган Қирғизистон президенти.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Сенати ташқи алоқалар қўмитаси раиси Р.Менендес 8 август куни президент С.Жапаровга йўллаган мактубида Қирғизистон ҳукуматини Украина босқинидан кейин Россия Федерациясига нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда кўмак кўрсатишда айблаган эди.
Бишкек Москванинг Ғарб санкцияларидан бўйин товлашига томошабин бўлиб турганини қайд этган сенатор мамлакат раҳбариятидан Россия билан ноқонуний савдога чек қўйишни талаб қилган.
Мактубда, шунингдек, Қирғизистонда демократик институтлар заифлашуви, журналистлар ҳуқуқлари бузилиши, фуқаролик жамияти фаолияти чекланиши каби салбий тенденциялар ҳам танқид қилинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter