Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат бекор қилинди. Президент девони истеъфо берди

Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат бекор қилинди. Президент девони истеъфо берди

Жанубий Корея президентининг ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниши муваффақиятсизликка учраганидан сўнг эрталаб Юн Сок Ёл (мамлакат президенти) девонининг барча ходимлари истеъфога чиқди.

Бу ҳақда Yonhap News агентлиги хабар берди.

Президентнинг ўзи эса бугун эрталаб мамлакатда эълон қилинган ҳарбий ҳолатни бекор қилди ва маҳаллий вақт билан эрталабки ўнга келиб ҳали ҳеч қандай янги баёнот бермади.

«Кеча соат 11 дан бошлаб, мамлакатни давлатнинг асосий функцияларини фалаж қилишга ва либерал демократик конституциявий тузумни йўқ қилишга интилаётган давлатга қарши кучлардан ҳимоя қилиш қатъияти билан ҳарбий ҳолат жорий этилган эди. Бироқ Миллий ассамблеянинг ҳарбий ҳолатни бекор қилиш талаби туфайли уни амалга оширишда иштирок этган ҳарбий хизматчилар чақириб олинди», – деган мамлакат президенти.

Президентнинг парламентда кўпчиликни ташкил этувчи Демократик партиядаги рақиблари, агар унинг ўзи истеъфога чиқмаса, импичмент жараёнини бошлашларини айтишган.

Бугун эрталаб Сеул ва бошқа шаҳарларда президент истеъфоси учун намойишлар қайта бошланди.

Жумладан, мухолифат энди Юнни лавозимидан четлаштиришга интилмоқда. «Ватанни янгилаш» партиясининг парламентдаги фракцияси етакчиси Хван Унха аллақачон импичмент жараёнини бошлаш ниятида эканлигини маълум қилган. Айниқса, Сеулнинг тинч кўчаларида аскарлар ва ҳарбий техникалар пайдо бўлиши мухолифатни кўпроқ ғазаблантирган.

Маълум қилинишича, мамлакатда умуммиллий ҳарбий ҳолат охирги марта 1979 йилда диктатор Пак Чунг Хи ўлдирилганидан кейин жорий қилинган.

Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш учун уни мамлакат Миллий ассамблеясининг 300 нафар депутатидан 200 нафари қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Ҳозирда мухолифат парламентнинг 170 ўрнини назорат қилади. Бироқ, айтилишича, 4 декабрга ўтар кечаси ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун 190 депутатдан 190 нафари овоз берган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг