Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Италияда мафия оилаларига қарши рейд ўтказилди

Италияда мафия оилаларига қарши рейд ўтказилди

Бугун Италия давлат полицияси Миланда мафияга қарши ўтказган рейд давомида 50 га яқин одамни ҳибсга олди. Бу ҳақда Il Giorno хабар бермоқда.

Махсус операция Калабриянинг жанубий ҳудуди тарихий ўлка бўлган кучли мафия ташкилоти «Ndrangheta»га қарши кураш доирасида ўтказилган. Қўлга олинганларнинг 49 нафарига наркотик моддалар савдоси, товламачилик, ўт қўйиш, зўравонлик, ноқонуний қурол олиб юриш ва сақлаш ва бошқа оғир жиноятлар содир этганлик айби қўйилган.

2021 йил август ойида Италиянинг «Ndrangheta» мафия гуруҳининг бош бошлиғи Доменико Павильянити икки йил қочиб юрганидан сўнг полиция томонидан қўлга олинган эди. Павилианити 1980-1990-йилларда содир этилган жиноятлар учун қидирувда бўлган. У биринчи марта 1996 йилда Испанияда ҳибсга олинган ва 1999 йилда Италияга экстрадиция қилинган. У ерда мафия раҳбари умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Бироқ, 2019 йилда адвокатлар суд материалларида хатолик топдилар ва иш қайта кўриб чиқиш натижасида Павилианити қамоқдан озод қилинган эди.

Маълумот учун, 2021 йилнинг январь ойида Италиянинг Калабрия шаҳридаги Ламезиа Терме шаҳрида «Ndrangheta» мафия аъзолари устидан сўнгги 30 йилдаги энг йирик суд жараёни бўлиб ўтган. Суд мажлисида 355 нафар мафиоз, шунингдек, улар билан тил бириктирганликда гумон қилинган амалдорлар, тадбиркорлар ва адвокатлар бўлган. Бундай кенг кўламли суд жараёнини Италияда 1986-1987 йилларда бўлиб ўтган суд жараёни билан солиштириш мумкин. Ўшанда Сицилия «Cosa Nostra»нинг 338 нафар аъзосига ҳукм ўқилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг