Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Италия бош вазири истеъфо берди. Ҳукумат тизгини наҳот «Муссолини издоши»га ўтса?..

Италия бош вазири истеъфо берди. Ҳукумат тизгини наҳот «Муссолини издоши»га ўтса?..

Маттео Сальвини ва Жузеппе Конте.

Фото: «russian.rt.com»

20 август куни Италия сенати мажлисида бош вазир Жузеппе Конте истеъфо берганини маълум қилди. Бу воқеа мамлакат сиёсий саҳнасидаги беқарор вазиятни янада мураккаблаштирди. Хавотирли жиҳати, бош вазир истеъфоси ҳукумат тепасига миллатчи руҳдаги қарашлари билан танилган сиёсатчи келиши эҳтимолини кучайтирди.

2018 йил 1 июндан буён итальян ҳукуматига раҳбарлик қилиб келаётган Ж.Конте сиёсий инқироз сабаб истеъфо қарорини берганини маълум қилди. Сиёсий инқирозда эса бош вазир ўринбосари ва «Шимол лигаси» партияси етакчиси Маттео Сальвинини айблади.

54 ёшли Ж.Конте ушбу лавозимдан кетаётганидан афсусда эканини қайд этаркан, сиёсий инқироз мамлакатга яхшилик келтирмаслигини таъкидлади.

Италия қонунчилигига кўра, бош вазир ўз истеъфоси ҳақида мамлакат президентига расман маълум қилади. Давлат раҳбари бундай вазиятда ё парламентни тарқатиб, муддатдан олдин сайлов белгилайди, ё қайтадан янги ҳукуматни шакллантириш чораларини кўради.

Жузеппе Конте. Фото: «112.ua»

Профессор Конте бошчилигидаги ҳукумат ўтган йили уч ойга чўзилган музокаралардан кейин тузилган эди. Гап шундаки, 2018 йил мартда бўлиб ўтган парламент сайловида Луижи Ди Майо раҳбарлигидаги «Беш юлдуз ҳаракати» ҳамда Маттео Сальвини бошчилигидаги «Шимол лигаси» партиялари асосий ўринларни қўлга киритди. Аммо бирор бир партия якка ҳолда ҳукуматни шакллантиришга етадиган овоз йиға олмади. Бош вазирлик курсисини эгаллашга умид қилган етакчи партия раҳбарлари мухолифларига ён бергиси келмади. Оқибатда, 90 кунга чўзилган сиёсий бошбошдоқлик юзага келди. Ниҳоят, мамлакат президенти Сержо Маттарелла бирор бир партияга мансуб бўлмаган бетараф номзод – ҳуқуқшунос Жузеппе Контега бош вазир сифатида ҳукуматни шакллантиришни топширди. Икки пешқадам партия етакчиси – Маттео Сальвини ҳамда Луижи Ди Майога бош вазир ўринбосари лавозими тегди. Аммо пировардида «икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаc» нақли тўғри бўлиб чиқди...

Сўнгги пайтларда итальян жамиятида М.Сальвинининг обрў-эътибори ошиб бораётганини кузатиш мумкин. Жорий йил май ойида бўлиб ўтган Европа парламенти сайловида ҳам «Шимол лигаси»га электоратнинг 34 фоизи ишонч билдирди.

Таҳлилчиларга кўра, Сальвини ўз рейтинги тобора ошиб бораётганини ҳукумат тепасига келиш учун қулай имконият деб ҳисобламоқда. Шу боис ҳам у жорий 8 августда вазирлар кенгаши аъзолари ўртасида жиддий ихтилофлар юзага келганини рўкач қилиб, амалдаги ҳукуматни тарқатиб, муддатдан олдин сайлов ўтказишни талаб қилди. Сирасини айтганда, М.Сальвини муддатдан олдин парламент сайлови ўтказилишига эришиб, узил-кесил ғалаба қилиш ҳамда ҳукуматни яккабошлик асосида шакллантиришни кўзламоқда.

Маттео Сальвини. Фото: «iz.ru»

Сўнгги ижтимоий сўровларга қараганда, Сальвинини сайловчиларнинг 36-38 фоизи қўллаб-қувватлаши мумкин. Ҳукуматни мустақил ҳолда шакллантириш учун эса электоратнинг 40 фоиз овози кифоя.

Сальвини миллатчилик руҳидаги қарашлари, хусусан, муҳожирларга қарши кескин  позицияси билан танилган. Мухолифлари уни Иккинчи жаҳон уруши даврида мамлакат бошига кулфатлар ёғдирган Бенито Муссолинига қиёслашади. «Шимол лигаси» партияси раҳбари Европа иттифоқи интеграциясини ҳам ёқламайди. Боз устига, Италия сиёсий элитаси Сальвини Россия раҳбари Владимир Путин билан маслакдош эканидан ҳам ташвишда. У раҳбарлик қилаётган партия Кремлдан молиявий кўмак олгани борасида ҳам тахминлар илгари сурилган.

Мўътадил қарашдаги сиёсатчилар Маттео Сальвинининг ҳокимият тепасига келишидан очиқ хавотир билдирмоқда. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам тўйдан олдин ноғора чалмаган маъқул. Зотан, ҳукумат тепасига ким келиши борасидаги сўнгги сўзни халқ – электорат айтади. 

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг