Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбулдаги фожиа ортидан Туркия террорчиларга қарши амалиёт ўтказди

Истанбулдаги фожиа ортидан Туркия террорчиларга қарши амалиёт ўтказди

Ҳарбий амалиётга Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар бошчилик қилган.

Туркия Қуролли кучлари 20 ноябрь тунида Ироқ ва Сурия шимолидаги террорчилар базаларини йўқ қилиш мақсадида «Панжа Қилич» (Pençe Kiliç) ҳаво операциясини ўтказди. Ҳарбий амалиёт президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фармойишига кўра уюштирилган.

Туркия миллий мудофаа вазирлигига кўра, ҳаво амалиёти давомида қўпорувчилик хуружларини уюштиришда база сифатида фойдаланилган объектлар нишонга олинган. PKK ҳамда YPG террор гуруҳларини зарарсизлантириш, чегара хавфсизлигини таъминлашга қаратилган операция БМТ Низомининг 51-моддасига кўра, мудофаа мақсадида ўтказилган.

Қайд этилишича, жангарилар базаларига берилган авиазарбаларда 89 та нишон, жумладан, бошпана ва ўқ-дори омбори йўқ қилинган.

Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун «Панжа Қилич» амалиёти муваффақиятли ўтганини маълум қилар экан, расмий Анқара терроризмни илдизи билан йўқ қилиш ниятида эканини урғулаган.

Ушбу ҳарбий амалиёт жорий йил 13 ноябрь Истанбулнинг Истиқлол кўчасида уюшитирилган қўпорувчилик ҳаракатига жавобан ўтказилган. Гавжум кўчада амалга оширилган портлаш оқибатида 6 киши вафот этган, 81 киши яраланган.

14 ноябрь куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бомбани қолдириб кетган шахс полиция томонидан қўлга олинганини маълум қилган.

ИИВга кўра, терговда ҳужум излари Сурияга олиб боришини кўрсатувчи далиллар мавжуд. Буйруқ Кобанидан (Сурия шимолидаги шаҳар), ҳужумни уюштирган шахс эса Африндан (Сурия шимоли-ғарбидаги шаҳар) келган бўлиши мумкин.

Тергов идораси портлаш PYD – Демократик иттифоқ партияси (Курдистон ишчи партияси террор ташкилотининг Суриядаги шуъбаси) томонидан уюштирилганини айтмоқда.

Туркия раҳбарияти кўпдан буён PKK, PYD ва YPG гуруҳлари мамлакат ва минтақа тинчлигига таҳдид солаётганини айтиб келади.

PKK (Курдистон ишчи партияси) мамлакатда ва хорижда юзлаб бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган. Бошбошдоқлик ҳукм сураётган Суриянинг Туркия билан чегарадош каттагина ҳудудини PYD (Демократик иттифоқ партияси), YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эгаллаган. Расмий Анқара PKK ташкилотининг қўш қаноти саналган мазкур икки гуруҳни хавфсизликка жиддий таҳдид деб билади.

Аввалроқ Туркия президенти девони расмий вакили Истанбулдаги портлашга хорижий давлатлар қўллаб-қувватлаётган жиноий гуруҳлар алоқадор эканини айтган эди.

Расмий маълумотларга қараганда, Туркия қуролли кучлари «Панжа»  (Pençe) шартли номи остидаги ҳарбий операциялар давомида сўнгги уч йилда 1441 нафар жангарини йўқ қилган.  

Турк ҳарбийлари бунга қадар Сурияда «Фурот қалқони» (2016-2017), «Зайтун новдаси» (2018), «Тинчлик булоғи» (2019) номли ҳарбий амалиётлар ҳам ўтказган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг