Истанбулда даҳшатли зилзила бўлиши кутилмоқда
Туркия ҳукумати Истанбулни сейсмологлар огоҳлантирган янги эҳтимолий зилзила учун тайёрлашни бошлашни режалаштирмоқда.
TURKNWS ахборот канали маълумотларига кўра, Истанбул сейсмик хавф бўйича дунёнинг энг хавфли шаҳарлари ўнталигига кирди. Бу ҳақда Туркия Экология ва шаҳарсозлик вазири Меҳмет Ўжасеки маълум қилди ва расмийлар Истанбулни ушбу табиий офатга тайёрлашни бошлашни режалаштираётганини айтди.
Шунингдек, Туркиянинг энг йирик шаҳридаги 5 миллион 800 минг хусусий биноларнинг 1,5 миллиони хавф остида, 600 мингтаси эса юқори хавф остида эканлигини қайд этди.
Агар Истанбулда сейсмологлар тахмин қилган зилзила содир бўлса, 90 мингга яқин уй дарҳол қулаши, 260 минг бино вайрон бўлиб, яшаш учун яроқсиз бўлиши мумкин. Шундай қилиб, шаҳарнинг 4,5 миллион аҳолиси вақтинчалик уй-жойга муҳтож бўлади.
Эслатиб ўтамиз, сейсмолог Наcи Гўюрур Истанбул жойлашган Мармар денгизи ҳудудида 7,2-7,6 магнитудали силкинишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Аввал хабар қилинганидек, Туркия жануби-шарқида 6 феврал куни содир бўлган зилзила қурбонлари сони 50,5 минг кишига етди. Зилзилалардан сўнг расмийлар Истанбулда камида 1,5 миллион уйни кўчириш зарурлигини эълон қилди. Бунинг учун ҳар бири 500 минг кишига мўлжалланган бир нечта йўлдош шаҳарларни яратишга қарор қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter