Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Истанбулда дунё эътиборидаги фожиага бағишланган кўргазма очилди

Истанбулда дунё эътиборидаги фожиага бағишланган кўргазма очилди

Истанбулнинг марказий даҳаларидан бири Тақсим майдонида ғазолик ёш рассомлар кўргазмаси очилди. «Ўқ ўтмас орзулар» дея рамзий ном билан аталган кўргазманинг очилишида Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўғон ва Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун қатнашди.  

Ушбу маърифий лойиҳа орқали Ғазода йиллар давомида рўй бераётган инсоний фожиаларга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратиш мақсад қилинган.

Ғазолик ёш иқтидор эгалари чизган 260 дан зиёд расм жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилди. Исроил томонидан Фаластинга нисбатан юритилаётган зулм ва зўравонлик сиёсати расмлар воситасида очиб берилган. Аламли жиҳати шундаки, расмларни чизган жажжи иқтидор эгаларининг айримлари Ғазодаги бомбирдимонларда ҳалок бўлган.

Туркия президентининг рафиқаси Эмине Эрдўғон 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода мисли кўрилмаган зўравонлик ҳаракатлари содир этилаётгани, Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида минглаб тинч аҳоли вакиллари, болалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётганини афсус билан қайд этди.

«Биз яшаш ҳуқуқи тортиб олинган, эртанги кун, келгуси йилни кўриш даргумон бўлиб қолаётган фаластинлик болаларнинг овозини бутун дунё эшитиши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишимиз керак», – деди Эмине Эрдўғон.

Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун ҳам расмий Анқара Ғазода тинчлик қарор топиши йўлидаги саъй-ҳаракатларда собит эканини таъкидлади.

Ташкилотчиларга кўра, кўргазма 29 январга қадар давом этади.

Аввал хабар берганимиздек, Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўғон 2023 йил 15 ноябрь куни Истанбулда «Фаластин учун ягона юрак» саммитини ташкил қилди.

Ушбу машваратда Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳам қатнашиб, Ғазода жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, низони фақатгина дипломатия йўли билан «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида ҳал этишга чақирганди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг