Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроилга ён босаётган араб давлатлари номи очиқланди

Исроилга ён босаётган араб давлатлари номи очиқланди

11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Риёз шаҳрида бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма мажлисига доир махфий маълумотлар ошкор бўлди.

Риёз учрашувида қатнашган аксар мусулмон давлатлар Исроилни Ғазода оммавий қирғинни тўхтатишга мажбурлаш учун иқтисодий-молиявий чораларни таклиф этган. Жумладан, нефть эмбаргосини қўллаш, Исроил билан дипломатик ва иқтисодий муносабатларни тўхтатиш, АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базаларидан Исроилга ҳарбий техника етказишига тўсқинлик қилиш, Исроилнинг араб давлатлари ҳаво маконидан фойдаланишини ман этиш, ўт очишни тўхтатиш учун АҚШ, Европа ҳамда Россияга қўшма делегациялар юбориш каби чоралар таклиф этилган.  

«The Times of Israel» газетаси хабарига кўра, Исроилни тийишга қаратилган мазкур таклифларга Саудия Арабистони, Миср, БАА, Иордания, Баҳрайн, Судан ва Жибути қарши чиққан.

Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг Исроилни террорчи ташкилот деб эълон қилиш таклифи ҳам рад этилган.

Араб давлатлари лигаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма мажлиси якуний баёнот қабул қилиш билан кифояланган.  Баёнотда Халқаро жиноий суддан Исроилнинг ҳарбий жиноятларини тергов қилиш сўралган.

Ислом олами давлатлари 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши лозимлигини бир овоздан ёқлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг