Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил вазирининг таклифи Европа бош дипломатини ларзага солди

Исроил вазирининг таклифи Европа бош дипломатини ларзага солди

Б.Смотрич аввалроқ фаластинликлардан Ғазони бўшатиб, бошқа мамлакатларга кетишни талаб қилган.

Фото: AFP

Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш учун маблағ кўпайтирилишини маълум қилди. Исроил томонидан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларида ноқонуний уйлар қурилиши халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинади.  

Исроил молия вазири таклиф этган бюджет лойиҳасида Ғарбий соҳилда яҳудий тураржойларини барпо қилишга бир неча юз миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Айрим мухолиф партиялар яҳудий тураржойлари қурилишини давом эттириш Ғарбий соҳилда тарангликни янада кучайтиришидан огоҳлантирган. Аммо Ғарбий соҳил аҳолисини «нацистлар» дея иддао қилган Бецалель Смотрич яҳудий тураржойлари қурилиши ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлаган.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Исроил ҳукумати айни уруш авж олган пайтда ноқонуний тураржойлар қурилиши учун маблағ ажратаётгани уни ларзага солганини маълум қилган.

«Бу ўз-ўзини мудофаа қилиш эмас ва ушбу қадам Исроилни хавфсиз этмайди. (Яҳудий) тураржойлари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши саналади ва у Исроил хавфсизлигига мисли кўрилмаган хатар туғдиради», – деб ёзди ЕИ бош дипломати.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бенямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

Ноқонуний яҳудий тураржойлари қурилишини ҳатто Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам номақбул деб билади. Негаки, бу халқаро ҳуқуқ ҳамда Фаластин давлатчилигининг намойишкорона поймол этилишидир.

БМТ ҳам кўп йиллардан буён Тель-Авивнинг ишғол сиёсатини қоралаб келади. Хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.  

Халқаро ҳамжамиятнинг талабига қарамай, Исроил Фаластин ерларида ноқонуний тураржойлар қуришда давом этмоқда. Ҳукумат жорий йил июнь ойида яҳудий уйларини қуришни жадаллаштириш учун молия вазири Бецалель Смотричга катта ваколатлар берган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг