Исроил вазиридан Фаластин борасида «теша тегмаган» таклиф
Исроил инфраструктура, энергетика ва сув таъминоти вазири Исраэль Кац Ғазо соҳилларида сунъий ороллар барпо этишни таклиф қилди. Ушбу баҳсли лойиҳани у Европа Иттифоқи двлатлари ташқи ишлари вазирлари эътиборига ҳавола қилган.
Минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келган уруш давом этар экан, Исроил Ғазо секторини босиб олиб, фаластинликларни бошқа ҳудудларга кўчиришни кўзлаётгани ҳақидаги хавотирлар тобора кучаймоқда.
Исраэль Кац илгари сурган лойиҳани ЕИ вазирлари рад этган. Европа дипломатлари Тель-Авивга амалга ошириб бўлмас ташаббуслар ўрнига Ғазодаги гуманитар инқирозни ҳал этишга эътибор қаратиш маъқуллигини айтган. Хусусан, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель минтақада тинчлик ўрнатиш, жумладан, Исроил хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шарти Фаластин давлатини тузиш эканини эслатган. Аммо ЕИ дипломатлари Ғазода ўт очишни тўхтатиш борасида ягона тўхтамга кела олмаган.
Кейинги вақтларда Исроил ҳукумати вакиллари ғазоликларни сургун қилиш ҳақида очиқ-ошкора баёнотлар бермоқда. Хусусан, 2024 йил бошида Фаластинга нисбатан радикал қарашлари билан танилган молия вазири Бецалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Ғазо аҳолисини сургун қилиб, ҳудудни эгаллаш ҳақида гапирди.
Халқаро ҳуқуқ ва инсонийлик тамойилларига буткул зид бу таклифга Исроилнинг яқин иттифоқчилари ҳам қарши чиқди.
Аввалроқ Буюк Британиянинг «The Guardian» газетасида чоп этилган мақолада Тель-Авив маъмурияти вазиятдан фойдаланиб, Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисини мажбурий равишда Мисрнинг Синай ярим оролига кўчириш ва шу орқали ҳудудни босиб олишни кўзлаётгани ҳақидаги тахмин илгари сурилган эди.
Фаластиннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавад Муҳаммад Авад ҳам айни шу хавотирли режа ҳақида гапирганди.
«Исроилнинг ҳозирги ҳаракатлари бирор гуруҳ, хусусан, ҲАМАСга қарши шунчаки кураш эмас. Балки бу Фаластин халқига қарши урушдир. Бундан кўзланган мақсад эса Ғазо секторида қолган фаластинликларни Синай саҳросига сиқиб чиқаришдир», – деган доктор Жавад Муҳаммад Авад.
Таҳлилчилар иккинчи Нақба (1948 йилда юз минглаб фаластинлик ватанидан кўчирилгани «Нақба», яъни «Фожиа» деб аталади) рўй беришидан огоҳлантирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter