Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил босқинидан кейин Хон Юнусда фаластинликларнинг оммавий қабри топилди

Исроил босқинидан кейин Хон Юнусда фаластинликларнинг оммавий қабри топилди

ҲАМАС ҳаракати халқаро ҳамжамиятни Ғазо сектори жанубида жойлашган Хон Юнус шаҳридаги «Носир» касалхонаси ҳудудидан топилган оммавий қабр бўйича шошилинч текширув ўтказишга чақирди. 

Фаластин ҳаракатининг эслатишича, ҳозиргача тиббиёт муассасаси кампусида исроиллик ҳарбийлар томонидан қатл этилган 392 кишининг жасади бўлган учта оммавий қабр топилган.

«Биз БМТ ва тегишли халқаро ташкилотлардан бедарак йўқолганларни қидириш ва жасадларни аниқлаш учун суд-тиббиёт экспертлари гуруҳлари ва зарур жиҳозларни юборишни сўраймиз», – дейилади хабарда.

Ҳаракатнинг таъкидлашича, ҳозиргача оммавий қабрларда топилган жасадларни ярмидан кўпининг шахси аниқланмаган.

ХАМАС Исроил армияси томонидан «Носир» касалхонаси ҳудудида ҳимоясиз тинч аҳоли, беморлар, ярадорлар ва аёлларга нисбатан қўлланилган шафқатсиз қийноқлар ва қотилликларни текшириш учун мустақил халқаро комиссия тузишни сўрамоқда.

«Баъзилар тириклайин кўмилганлиги ҳақида далиллар бор», – дейди Фаластин ҳаракати ва бу каби жиноятларни эътиборсиз қолдирмаслик ёки яширишга уринишдан огоҳлантиради.

Хон Юнус фуқаролик мудофааси бошқармаси бошлиғи Ямин Абу Сулаймон кеча «Носир» касалхонаси кампусида ҳалок бўлган яна 58 нафар фаластинликнинг жасади топилганини маълум қилди.

«Баъзи жасадларда қийноқ ва қатл излари топилган. Бизнинг тахминимизча, баъзилари тириклайин кўмилган», – дейди у брифингда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси ушбу касалхонани бир неча ҳафта қамалда ушлаб турган эди. 15 феврал куни эса шифохонада кенг кўламли рейд ўтказилди.

24 март куни ҳарбийлар яна касалхонани қамал қилди, кейинроқ яна бир қонли рейд ўтказиб, кўплаб тиббиёт ходимлари ва кўчирилган фаластинликларни ҳибсга олди. Исроилнинг жиноий ҳаракатлари натижасида шифохона ўз фаолиятини тўхтатди.

7 апрел кунига келиб, Исроил армияси тўрт ойлик қамалдан сўнг Хон Юнусни тарк этди.

Ўшандан бери шаҳарда бирин-кетин оммавий қабрлар топилгани ҳақида хабарлар кела бошлади. Ўнлаб қурбонларнинг жасадлари ўққа тутилиши натижасида вайрон бўлган бинолар вайроналари ёки йўллар четидан топилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳам Ғазо секторида оммавий қабрлар топилганини тасдиқлади. Хабар қилинишича, ҳалок бўлган фаластинликлар яланғоч ҳолда ва қўллари боғланган ҳолда топилган ва бу ташкилотда уруш жиноятлари содир этилгани ҳақидаги хавотирни уйғотган.

БМТ бошқармаси маълумотларига кўра, дам олиш кунлари топилган юзлаб жасадлар Хон Юнусдаги «Носир» касалхонаси ва Ғазо шаҳридаги «Ал-Шифа» касалхонасида «ерга чуқур кўмилган ва устидан вайроналар билан бостириб қўйилган».

«Улар орасида кексалар ва аёллар ҳам бор. Уларнинг баъзилари қўллари боғланган ва кийимсиз ҳолда топилган», – дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари матбуот котиби Равина Шамдасани.

Мазкур ҳолатга муносабат билдириб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк, жумладан, «тинч аҳоли ва маҳбусларни қасддан ўлдириш уруш жинояти» эканлигини таъкидлади ва ҳалқаро ҳамжамиятни воқеани мустақил тергов қилишга чақирди.

Олий комиссар идораси, шунингдек, 22 апрел ҳолатига кўра, Ғазода 34 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани, улардан 14 685 нафари болалар ва 9 670 нафари аёллар эканини хабар қилди. Яна 77 084 киши жароҳатланган, 7 мингдан ортиқ фаластинликлар вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилиняпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг