Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Испания ва Аргентина ўртасидан қора мушук ўтди

Испания ва Аргентина ўртасидан қора мушук ўтди

Сайловолди тадбирларга моторли арра кўтариб келган Х.Милей бюджет харажатларини кескин қисқартириш тарафдори.

Фото: AP

Испания транспорт вазири Оскар Пуэнтенинг Аргентина президенти Хавьер Милей гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилгани ҳақидаги баёноти ортидан икки давлат ўртасида дипломатик зиддият юзага келди.

Испан ҳукумати вакили Аргентина президентини «ёмон одам» ҳам деб атаган.

«Асл қиёфасини сақлаб қолиб ҳам энг юқорига кўтарилган ўта ёмон одамлар бор. Масалан, (Аргентина президенти Хавьер) Милей ёки (АҚШ президенти Дональд) Трамп», – деган Оскар Пуэнте Испания социалистик партияси анжуманида.

Вазирнинг чиқиши Мадрид ва Буэнос-Айрес ўртасидаги таранг сиёсий муносабатларни янада кескинлаштирди.

Аргентина президенти маъмурияти томонидан берилган жавоб-баёнотда Испаниянинг Хавьер Милей хатти-ҳаракатини муҳокама қилишдан кўра муҳимроқ юмушлари борлиги таъкидланади.

Айни пайтда испан бош вазири Педро Санчеснинг аёлига нисбатан коррупция билан боғлиқ айблов илгари сурилган. Аргентина томони ушбу шов-шувли можарога шама қилган. Милей маъмурияти Испания ҳукумати бошлиғи юритаётган сиёсат туфайли мамлакатда ўлим ва қашшоқлик даражаси ортганини ҳам иддао қилган. Испаниянинг амалдаги ҳукумати таркибига Каталониядаги айирмачи деб кўриладиган сиёсий партия вакиллари кирганига ҳам эътироз билдирилган.

Ўз навбатида, бунга жавоб қайтарган Испания ташқи ишлар вазирлиги Милей маъмуриятининг баёнотини асоссиз деб танқид қилган.

Аргентина раҳбари Хавьер Милей Испания бош вазирига рақиб бўлган ўта ўнг йўналишдаги Vox партиясини қўллаб-қувватлаб келади.

Ушбу сиёсатчининг ўзи ҳам бошқа давлатлар билан бир қатор даҳанаки можаролар чиқишига сабаб бўлган. Жумладан, у бразилиялик ҳамкасби Луис Инасиу Лула да Силвани коррупцияда айблаб, уни «баджаҳл коммунист» деб атаган. Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадорга «чаласавод» деган ёрлиқ ёпиштирган. Колумбия етакчиси Густаво Петрони эса «террорчи қотил» дея даъво қилган. Колумбия раҳбарияти бунга жавобан бир неча аргентиналик дипломатни мамлакатдан бадарға қилган.

Яқин вақтгача у қадар машҳур бўлмаган Хавьер Милей ўтган йили президентлик сайлови пайти популистик чиқишлари билан тилга тушди. Либертарианлар партияси раҳбари бўлган сиёсатчи Марказий банкни тарқатиб юбориш, миллий валюта (песо) ўрнига АҚШ долларини муомалага киритиш каби кескин чораларни таклиф қилган.  У, шунингдек, қурол назоратини юмшатиш, аборт қоидаларини кучайтириш, Россия, Хитой ва Бразилия каби давлатлар ҳукуматлари билан алоқаларни узиш режасини эълон қилган.

Шу тариқа у 2023 йил 19 ноябрда президент сайловининг 2-турида 56 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, 10 декабрь куни давлат раҳбари сифатида қасамёд қабул қилди.  Аммо у президент сифатида иш бошлагач, сайлов арафасида берган аксар популистик режаларини амалга оширишга журъат этмади.

Аввал хабар берганимиздек, Хавьер Милейнинг тажовузкор ва театрлаштирилган услуби – сайловчилар қаршида суперқаҳрамон либосида намоён бўлганидан тортиб штатларни қисқартириш ҳақидаги ваъдаларига ишонтириш учун моторли арра ишлатишигача – барчаси уни Америка президенти Дональд Трампга ўхшатишларига сабаб бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг