Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Имомали Раҳмон нохуш ҳолатлар ортидан Россияга комиссия юборди

Имомали Раҳмон нохуш ҳолатлар ортидан Россияга комиссия юборди

Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазирлиги Россиядаги меҳнат муҳожирлари яшаш шароитини ўрганиш учун махсус делегация юборди. Комиссия Новосибирск, Екатеринбург, Уфа, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида ўрганишлар ўтказади.

Сўнгги ойларда Россияда меҳнат қилаётган Тожикистон фуқароларининг турли баҳоналар билан ҳибсга олиниши ҳолатлари кўпайган. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шунга кўра комиссия тузиб ҳолатни ўрганишни буюрган.

Жорий йил май ойида Россия ҳуқуқ идоралари вакиллари Хабаровск ўлкасидаги университетда таҳсил олаётган юздан зиёд тожикистонлик талабага нисбатан қўпол муносабатда бўлиб, уларни сўроққа тутган.  Бунинг ортидан Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга ҳолат юзасидан ҳукуматнинг хавотири етказилган.

Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Челябинск, Комсомольск каби шаҳарларда уюштирилган рейдларда ҳам кўп сонли тожикистонлик муҳожирлар қўлга олинган, уларга нисбатан куч ишлатилган. Бунинг ортидан Тожикистон бош прокурори Раҳмон Юсуф Аҳмадзод россиялик ҳамкасбига мактуб йўллаб, ҳуқуқ идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатини қонуний баҳо беришни сўраган.

«Независимая газета»га кўра, Россия шаҳарларида ўтказиладиган турли амалиётларда ҳужжатида камчилик бўлмаган тожикистонликлар ҳам тез-тез қўлга олинади.

Нашрнинг ёзишича, муҳожирларга нисбатан муносабатнинг ёмонлашуви сабабли президент Имомали Раҳмон вазиятни шахсан назоратга олиб, Россияга ҳукумат комиссиясини юборишга қарор қилган.

Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубновнинг фикрича, Россияда тожикистонлик мигрантлар нобоп шароитларда ҳам меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. Россияда жиноий тўдалар ўртасида низолар ва меҳнат шароити билан боғлиқ сабабларга кўра ҳар йили 200 га яқин тожикистонлик вафот этади.

Сиёсатшуносга кўра, Душанбедан ҳукумат комиссияси юборилгани, биринчидан, ватандошларни ҳимоя қилиш истаги билан изоҳланади. Айни чоқда, ҳукумат бу билан ўз рейтингини ҳам мустаҳкамлашни кўзлаган. 

А.Дубнов Душанбенинг ушбу сиёсий қадами «Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон фуқароларини учинчи сорт деб аташдан уялмайдиган рус шовинистларига ўзига хос жавоб экани»ни ҳам таъкидлаган.

Шу кунларда Россия Давлат думаси меҳнат муҳожирлари учун патент пулини тўрт бараварга ошириш кўзда тутилган қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Бу эса Марказий Осиёнинг кўп миллионли мигрантлари даромадига салбий таъсир қилиши мумкин.

Россия ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йилнинг биринчи ярим йилида 1,28 миллион тожикистонлик миграция ҳисобидан ўтган. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 30-40 фоизи меҳнат муҳожирлари пул ўтказмалари ҳисобидан шаклланиши айтилади.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўтган йили Россия раҳбари Владимир Путинга қаттиқ эътироз билдириб, собиқ Иттифоқ раҳбарларига ўхшаб сиёсат юритмасликни сўраган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг