Илҳом Алиев Арманистон билан муроса шартини айтди
Арманистон Озарбайжон билан делимитация жараёнини якунлаши ва тинчлик битимини имзолаши керак. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги қарийб 30 йиллик ишғолдан кейин озод этилган Лочин шаҳрида байроқ кўтариш маросимида гапирган.
«Биз муҳокамаларга тайёрмиз ва делимитация бўйича Озарбайжон–Арманистон комиссияси ишига масъулият билан ёндашамиз. Барча хариталарни йиғдик. Яна бир карра таъкидлайман, қўлимизда XIX, ХХ асрлар ва ундан аввалги даврларга оид хариталар бор. Ушбу хариталарда ким қайси ерга эгалик қилиш очиқ кўрсатилган. Демак, делимитация жараёнини ўтказмай туриб, ҳеч ким бизни айблай олмайди», – деган И.Алиев.
Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда бошланган 44 кунлик уруш якунида Озарбайжон ишғол остида бўлган ерларини қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама битимга кўра Арманистон ўз қуролли кучларини минтақадан олиб чиқиш мажбуриятини олди.
Жорий йил март ойида эса Боку Ереванга тинчлик битимни имзолаш бўйича беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилди.
Таклифлар пакети ўзаро суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро чегараларни тан олиш, бир-бирига нисбатан ҳудудий даъво билан чиқмаслик, БМТ низомларида доирасида иш тутган ҳолда бир-бирига таҳдид солмаслик, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, ўзаро транспорт ва коммуникация алоқаларини йўлга қўйиш кабиларни ўз ичига олади.
Озарбайжон президенти Лочиндаги чиқишида тинчлик битими бўйича таклифни кўриб чиқиш Арманистон томонидан ортга сурилаётганини қайд этган. Шунингдек, уч томонлама битим доирасида Ереван Озарбайжоннинг асосий қисми ва Нахчивон мухтор республикаси ўртасида коридор очиб бермаётганига ҳам эътибор қаратган. Айни чоқда, Озарбайжонга нисбатан провокациялар давом эттирилаётгани таъкидланган.
Озарбайжон раҳбари БМТ, ЕХҲТ каби тузилмалар ишғол остидаги ерларни қайтаришда сусткашлик қилгани, оқибатда мамлакат ўз кучи ва салоҳияти билан халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра тегишли бўлган ҳудудларини қайтариб олганини айтган.
«Агар ерларимизни ихтиёрий равишда тарк этишганида Иккинчи Қорабоғ уруши бўлмаслиги мумкин эди», – деган И.Алиев.
Қайд этилишича, ишғол даврида Лочин шаҳрида ҳам вандализм жинояти содир этилган, тарихий бинолар вайрон қилинган. Шунингдек, аҳоли ноқонуний равишда кўчириб келтирилган.
«Биз шаҳидларимизнинг муборак қони ва аскару зобитларимизнинг жасорати туфайли ушбу заминда турибмиз», – дея ҳарбийларга ҳурмат билдирган у.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель воситачилигида музокаралар ўтказиб келмоқда. Тинчлик битими имзолашга қаратилган учрашувларнинг сўнггиси жорий йил 31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter