Ҳиндистонда номаълум касалликка нима сабаб бўлган? Баёнот берилди

Ҳиндистонда номаълум касаллик тарқаб, бир одам вафот этгани, 300 дан ортиқ бемор касалхоналарга ётқизилгани ҳақида хабар бергандик. Андҳра-Прадеш штати бош вазири девонхонаси соғлиқни сақлаш бўйича мутасаддилари маълум қилишича, касалликка қўрғошин ёки никелдан заҳарланиш сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Юқоридаги моддалар сув ва сут таркибида аниқланган.
«Касалликка айнан нима сабаб бўлгани бўйича батафсил ахборот марказий идоралар якуний хулоса берганидан сўнг тақдим этилади. Ҳозирча тасдиқланган маълумотларга кўра, касалликни қўрғошиндан заҳарланиш уйғотган», — деди штат раҳбари ўринбосари Алла Кали Кришна Шринивас.
Қўшимча тадқиқотлар натижалари ҳам тез орада маълум бўлади.
Бош вазир беморлар организмида оғир металлар мавжудлигини жиддий текшириб кўриш ва даволаниш жараёни назоратини кучайтириш бўйича топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, фавқулодда вазият Ҳиндистон жанубидаги Андҳра-Прадеш штатининг Элуру шаҳрида юзага келганди. Касалхоналарга номаълум касаллик симптомлари мавжуд беморлар келиши 5 декабрдан бошланган. 6 декабрь кечки пайтга келиб, бундай беморлар сони 315 нафарга етган. Касалланганларнинг 46 нафари болалар, 70 нафари аёллар бўлган. Беморларда беҳушлик, бош айланиши, бош оғриғи ва тутқаноқ аломатлари кузатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter