Ҳиндистонда каптар жосусликда айбланди
Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳри полицияси жосусликда гумон қилинган каптарни озод этишга қарор қилди. Қафасда 8 ой «маҳбус» сифатида тутиб турилган қуш ниҳоят учириб юборилди. Бу ҳақда The Guardian газетаси хабар берди.
Каптар 2023 йил май ойида Мумбай яқинидаги Чембур портида тутиб олинган. Қушнинг икки панжасида мис ва алюминийдан ясалган қўш ҳалқа бўлиб, уларда хитойча ёзув дарж этилган. Маҳаллий полиция каптарни Хитой томони айғоқчи сифатида юборган деган гумонга бориб, текширувга юборган. Пировардида қуш Тайвандаги очиқ ҳавзаларда ташкил этилган пойгада қатнашгани ва Ҳиндистон ҳудудига тасодифан кириб қолгани аниқланган. Шу тариқа жонивор жосуслик айбловидан халос бўлган.
Дарвоқе, «айбсиз айбдор»ни озод қилишда Ҳиндистондаги ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам жонбозлик кўрсатган.
Ҳиндистонда кабутарларнинг жосуслик айблови билан «ҳибс» этилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. 2020 йилда Кашмир аҳолиси покистонлик балиқчига тегишли каптарни «шифрланган хабар олиб кетяпти» деган гумон билан полицияга топширган, текширувлар хавотирлар асоссиз эканини кўрсатган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter