Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳиндистон Россияга талаб қўйди

Ҳиндистон Россияга талаб қўйди

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Россия томонидан ёлланган икки ҳиндистонлик Украинадаги жангда ҳалок бўлиши муносабати билан баёнот берди.

Расмий Деҳли Москвадан ҳинд фуқароларини урушга ёлламаслик ва айни пайтда Россия армияси сафида бўлганларини ватанига қайтаришни талаб қилган.

«Ташқи ишлар вазирлиги ва Ҳиндистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия армияси ихтиёридаги барча Ҳиндистон фуқароларини озод қилиш ва қайтариш масаласини Деҳлидаги Россия элчиси ва умуман Россия ҳукумати билан қатъий равишда муҳокама қилди. Ҳиндистон, шунингдек, ўз фуқароларини Россия армиясига ёллашни буткул тўхтатиш борасида аниқ ваъда талаб қилади», – дейилади Ҳиндистон ташқи сиёсат маҳкамаси баёнотида.  

Деҳли ҳукумати ўз фуқароларини Россиядан иш қидиришда эҳтиёткор бўлишга ундаган.

Ҳиндистон расмий идоралари мамлакат фуқаролари алдов йўли билан Украинада урушиш учун рус армиясига жалб этилаётгани масаласида хавотир билдириб келмоқда.

Жорий йил май ойида ҳинд полицияси мамлакат фуқароларини Россияда мўмай даромадли иш ва университетда ўқиш ваъдаси билан рус армиясига жалб этиш билан шуғулланган тўрт шахсни қўлга олди.

Ҳиндистон марказий тергов идораси хулосасига кўра, алдов йўли билан Россияга келтирилган ҳинд фуқаролари мажбурий равишда Украинага қарши урушга йўлланган. Ҳозирча ушбу жиноий схема бўйича 35 киши урушга жалб этилгани тасдиқланган. Одамфурушлар ўз қурбонларини ижтимоий тармоқларни кузатиш орқали танлаб олган.

Россия Украина ҳудудига бостириб кирган дастлабки ойларда Ҳиндистон бетараф мақомда туришга уринган. Ҳам Вашингтон, ҳам Москва билан стратегик ҳамкорликка эга мамлакат Ғарб босимига қарамай, Россия тажовузини қоралашдан тийилган. Экспертлар Деҳли маъмуриятининг бу борадаги сиёсатини «икки кеманинг учини тутиш» деб баҳолаган.  

Кейинги вақтларда Ҳиндистоннинг Украина уруши борасидаги позицияси ўзгарди. Деҳли Москвани қуролли зиддиятни мулоқот йўли билан ҳал этишга чақира бошлади. Хусусан, бош вазир Нарендра Моди 2023 йил июнь ойида «The Wall Street Journal» нашрига берган интервьюсида Деҳли ҳукумати Украина масаласида бетараф эмаслигини таъкидлади.

«Айримлар бизни бетараф деб ҳисоблайди. Йўқ, ундай эмас. Биз тинчлик томонидамиз. Барча мамлакатлар халқаро ҳуқуқ ва давлат суверенитетини ҳурмат қилиши шарт», – дея моҳият эътиборига кўра Кремлнинг босқинчилик урушини қоралаган Нарендра Моди. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг