Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳайдар Алиевнинг энг катта орзуси нима бўлган эди?

Ҳайдар Алиевнинг энг катта орзуси нима бўлган эди?

Бугун Озарбайжонда умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги нишонланмоқда. 1923 йилнинг 10 майида таваллуд топган сиёсатчи мустақил Озарбайжон давлати тарихида муҳим ўрин тутади.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 100 йиллик сана муносабати билан 2020 йилда чорак асрлик ишғолдан озод этилган Шуша шаҳридан мурожаат йўллаган. 

«Қутловни Бокудан йўллашим мумкин эди. Аммо мен бугун шу ерда, Шуша шаҳрида, ушбу бино ёнида бўлишни тўғри деб билдим. Шуша – ғалабамиз рамзи, зафаримиз гултожидир. Довюрак озарбайжон ҳарбийлари айни шу майдонда менга Шуша озод этилгани ҳақида билдирги берган, ушбу бино узра Озарбайжон байроғи кўтарилган», – дейди Озарбайжон раҳбари.

Илҳом Алиев отаси Ҳайдар Алиевнинг энг катта орзуси нима бўлганини ҳам очиқлаган.

«Буюк етакчи Ҳайдар Алиевнинг энг катта орзуси Шуша, Қорабоғ ва Зангезурни озод кўрмоқ эди. Биз унинг, озарбайжон халқининг ва бутун дунёдаги миллатдошларимизнинг орзусини рўёбга чиқардик», – дейди у.

Қайд этилишича, мустақил Озарбайжон давлатчилиги қурилиши, замонавий сиёсий тартибот шаклланиши ва мамлакатнинг иқтисодий тараққиёт йўли унинг номи билан боғлиқ.

«Ҳайдар Алиевнинг мустақил Озарбайжон президенти сифатидаги хизматлари беқиёс. Бугун Озарбайжон у бошлаб берган йўлдан кетмоқда.  Унинг фаолияти иқтисодий ислоҳотлар билан чекланмайди. У мамлакатнинг миллий-маънавий қадриятларини сақлаб қолишда ҳам муҳим роль ўйнаган», – дейди И.Алиев. 

Ҳайдар Алиев совет тузуми даврида узоқ йиллар юқори раҳбар лавозимларда ишлаган, жумладан, Озарбайжонни идора этган. 1993–2003 йилларда эса мустақил Озарбайжон президенти сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, 2003 йилдан буён Озарбайжон президенти лавозимида марҳум Ҳ.Алиевнинг ўғли Илҳом Алиев фаолият юритиб келмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Ҳ.Алиев ҳокимиятга келгач, миллий уйғониш ва мустақиллик ҳаракати қатъий тус олган, замонавий давлатчилик пойдевори қўйилган ва мустаҳкамланган. У 1994 йилда хориж энергетика ширкатлари билан нефть конларига доир «Аср шартномаси» деб аталган битим имзолаб, мамлакатни иқтисодий тараққиёт сари бошлаган.

Ўзбек халқининг яқин дўсти бўлган Ҳайдар Алиев юртимизга бир неча бор ташриф буюрган. Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий ришталар ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган.

Бунга ўзига хос эҳтиром сифатида сиёсатчининг хотираси юртимизда ҳам эъзозлаб келинмоқда. Тошкентда Ҳ.Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолият юритмоқда. Пойтахтимизда марҳум давлат арбоби номидаги кўча ва хиёбон очилган.

Аввал хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил март ойида Бокуга ташрифи давомида Фахр хиёбонига ташриф буюриб, Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси хотирасига ҳурмат бажо келтирган.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳам ўз даврида озарбайжонлик ҳамкасбининг сиёсий етакчилик қобилиятига юқори баҳо берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг