Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳар бир мазлум бола учун бутун дунё жавобгар» – Эрдўғон партияси

«Ҳар бир мазлум бола учун бутун дунё жавобгар» – Эрдўғон партияси

Туркиянинг иқтидордаги «Адолат ва тараққиёт» партияси (AK Parti) Ғазода бутун дунё кўзи ўнгида давом этаётган хунрезликни тўхтатишга чақирди.

Партия марказий идораси Хотин-қизлар департаменти раҳбари Айше Кешир номидан БМТ ҳамда 140 га яқин халқаро ташкилотга йўлланган мактубда аёллар ва болалар тақдири ҳақида сўз боради.

«Тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир мазлум бола учун бутун дунё масъулдир. 5,5 миллион аъзоси ва 600 мингга яқин фаол кўнгилли ходими билан дунёнинг энг йирик нодавлат аёллар ташкилоти бўлган «Адолат ва тараққиёт» партияси марказий идораси Хотин-қизлар департаменти раҳбари сифатида шуни таъкидламоқчиманки, урушда энг катта қурбонлар аёллар ва болалардир», – дейилада расмий мурожаатда.

Баёнотда, Фаластин ҳудудида тинч аҳоли нишонга олинаётгани, шифохона ва мактабларга бомба ёғдирилаётгани танқид қилинар экан, Туркия президенти ва «Адолат ва тараққиёт» партияси раиси Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг «Урушнинг ҳам ўз ахлоқ-низоми ва қонуни бор. Бирор бир сабаб-баҳона тинч аҳоли нишонга олинган ҳужумни оқламайди» деган фикри ёдга олинган.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, Фаластиндаги 50 минг ҳомиладор аёл асосий тиббий ёрдамдан фойдалана олмаётир. Ҳолбуки, халқаро меъёрлар аёллар ва болаларнинг тинч ва хавфсиз ҳаёт, соғлиқни сақлаш, тураржой ва таълим ҳуқуқларини кафолатлайди.

«Тинчлик йўлидаги саъй-ҳаракатларда аёлларнинг ижобий роли бутун дунё томонидан эътироф этилган ҳақиқатдир. Биз аёллар ва болалар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлар ва сиёсий кучларни уларни ҳимоя қилиш, инсоний қадриятлар ва мулоҳазаларни биринчи ўринга қўйиш, энг асосий инсон ҳуқуқи бўлган яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирамиз.  Болалар ўлаётган ҳозирги дунёда бирор бир даъвони адолатли санаб бўлмайди», – дейилади баёнотда.

«Адолат ва тараққиёт» партияси қон тўкилишини тўхтатиш ва тинчликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамиятни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга ундаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг