«Ҳамма нарсага эришиш мумкин» — Aфриканинг камбағал қишлоғидан 14 ёшида турмушга чиққан қиз қандай қилиб фан доктори бўлди?
Бу воқеага ҳали унчалик кўп бўлгани йўқ. Зўравон эрига қарам бўлган Терераи Трент чидамлилиги ва қатъияти атрофдагиларни ҳайратга солади, лекин у ўзини қаҳрамон деб ҳисобламайди.
У Зимбабведаги камбағал қишлоқда туғилган, сув ва электрдан мосуво, келажакка умиди йўқ кулбада яшарди. Терераи ҳақиқатан ҳам ўқишни хоҳларди, лекин у яшаётган жамиятда фақат ўғил болаларга таълим ва ҳаёт имкониятларини бериш одат тусига кирган, қизлар учун бу ортиқча ҳисобланган.
Терераининг акаси мактабга борар, у эса акасидан ўқишни ўргатишни сўрарди.
Терераи 14 ёшида турмушга чиқди ва 18 ёшида унинг уч нафар фарзанди бор эди. Унинг тўнғич ўғли онасининг сути йўқлиги учун очликдан вафот этди. У маънавий, руҳий ва жисмоний зўровонлик қаршисида тиз чўкмади. У ўша кунларини шундай эслайди:
«Мен ўқишни хоҳлардим. Аммо буни қандай уддалашни билмасдим. Бир куни қишлоғимизга Амрикадан Жо Луск деган бир аёл келди. У қизларнинг ўқиши, илм олиши ҳақида гапирди. Шунда мен орузимни айтдим. У эса менинг тилимда «тиногона», яъни «эришиш мумкин», деди. Мендан ҳали ҳеч ким шу пайтгача орзуимни сўрамаган эди. Ўшандан бери бу «эришиш мумкин» ибораси Терераи учун ҳақиқий мантрага айланди.
Унинг позициясида бу ҳаракат ақлдан озгандек эриш туюлди дастлаб, лекин аёл ҳеч нарса учун орзусидан воз кечишни хоҳламади. Унинг ўқишни исташини эшитган эри бир неча бор калтаклади, атрофидаги эркаклар эрининг бу ҳаракатини қўллаб-қувватлади, унга айтишдики: «Сенинг жойинг ошхонада, сен ҳеч нарса қилолмайсан, сен ҳеч нарсага арзимайсан». Ўша пайтлари у ростдан ҳам шундайлигига ишонарди. Аммо орзуси унга тинчлик бермасди. Унинг онаси айтди: «Сени эринг урадими, қаршилик қиладими, орзуингдан қайтма. Катта момонгни, момоларингни қара, бирортаси сен орзу қилган нарсаларни орзу қилолмади. Сен орзуингга эриш, бизни камбағалликдан қутқар, занжирни уз. Орзуларингни ёзиб тошнинг тагига кўм».
У шундай қилди, орзуларини қоғозга ёзди:
«Мен Америкага кетаман.
Мен бакалавр маълумотини оламан.
Магистр даражасини оламан.
Фан доктори бўламан».
Орзулари ёзилган қоғозни темир бўлаги билан маҳкамлаб тошнинг тагига кўмди.
У Америкада яшай бошлади. Оклохома университетига ўқишга кирди. Қийинчиликлар олдида тихз чўкмади.
Болалари тишини юваётганда уларнинг милклари қонаётганини кўриб қолади. Ва англаб етадики уларга витаминлар етишмаяпти, мевалар бериши керак.
Терераи дўконга бориб эскирган меваларни ташлаб юбормасликларини сўрайди.
Сотувчи буларни болаларинг еса ва уларга бирон нарса бўлса мени судга бермайсанми дейди. У йўқ дейди.
Қолган меваларни олиб келиб болаларига ювиб едира бошлайди.
Ишлайди-ўқийди, ўқийди-ишлайди.
Орадан 20 йил ўтгач, у «Доктор Терераи Трент» номи билан машҳур бўлди. Бу вақтга келиб у африкалик эри билан ажрашган ва профессор Марк Трентга турмушга чиққан эди.
«Ватаним озодлиги учун давом этган уруш йилларида катта бўлганман. Озодлик курашчиларидан бирининг ҳикоясини тинглаганимни эслайман, у бир гал шундай деган эди: «Таълим бериш – куч бериш, куч бериш – озод қилиш, озод қилиш – одамларнинг ўзини ҳурмат қилишига имкон беришдир».
Ўзининг ақл бовар қилмасдек туюлган барча орзуларини рўёбга чиқарган Терераи ўзи туғилиб ўсган жойини унутмади ва илм бериш вақти келганини ҳис қилди. У ўзининг туғилган қишлоғида болаларнинг сифатли таълим олиши учун зарур бўлган барча нарсаларга эга бўлган катта мактаб қуриш ғояси билан яшади. Узоқ вақт давомида бу режани амалга ошириб бўлмади, лекин Терераи машҳур телекўрсатувда иштирок этганидан сўнг, унинг бошловчиси бу аёлнинг ҳикоясидан таъсирланиб, янги мактаб қуриш учун 1,5 миллион доллар хайрия қилди.
Энди Терераи ўз орзусини амалга оширмоқда – ҳаётдаги мақсадига эришилди. Унинг меҳнати эвазига минглаб қизлар ўғил болалар билан баробар билим олиш имконига эга бўлди. Терераининг фарзандлари университетларда ўқийди, унинг қишлоғидаги мактабга фарзандини олиб келган ота-оналар: «Балки мен ҳам қила оларман?» деб умид қилади. Терераи эса ўз тилида «тиногона», яъни «эришиш мумкин», деб мотивация беради.
Интернет материаллари асосида тайёрланди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter