Грузия: қишки мавсум фуқароларнинг қалбларини иситишдан бошланди — тўрт ойлик газ ва электр пулларини давлат тўлайди
Грузия ҳукумати пандемия шароитида қийналаётган аҳолининг электр энергияси ва табиий газдан фойдаланганлик учун тўрт ойлик тўловларини тўлашни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Георгий Гахария ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дейилади «Newsgeorgia» хабарида.
Ноябрь, декабрь, январь ва февраль ойларидаги коммунал хизматлар учун тўловларни ҳукумат ўз зиммасига олди. Кимда-ким бундай ёрдамга эҳтиёж сезмаса, мурожаат қилиши мумкин, дейилади хабарда.
«Биз ҳукуматнинг инқирозга қарши режалари учинчи тўлқинини эълон қилдик. Унда бизнесга ёрдам кўрсатиш билан бирга, ижтимоий муҳофаза ҳам кўзда тутилган. 1 ноябрдан фуқароларимиз фойдаланган коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишни бошлаймиз. Ноябрни ҳам қўшганда бу тўрт ойни ўз ичига олади. Бу 200 кВт.гача электр, 200 куб метргача табиий газ сарфловчи барча оилалар учун тааллуқли, қолаверса, сув ва тозалаш учун тўловларни ўз ичига олади. Бугун ҳукуматимиз ўз фуқароларини қўллаши мумкин бўлган минимум шу», — деди бош вазир Гахария.
Маълумот учун: Грузияда ҳар ой 200 кВт.гача электр энергияси сарфловчилар сони 1,2 миллион кишини ташкил этади. Ҳукумат уларнинг коммунал тўловларига 17 миллион лари ($5,3 млн.) сарфлашни режалаштирган.
Ойига 200 куб метргача табиий газ ёқувчи абонентлар сони эса Грузияда 670 минг нафар. Уларнинг қарзини ёпишга давлат 27 миллион лари (қарийб $8,4 млн.) ажратишга ваъда бермоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter