Грузия бош вазири истеъфога чиқишини эълон қилди
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили ўз лавозимини тарк этмоқда. Бу ҳақда у ҳукумат идорасида бўлиб ўтган махсус брифингда маълум қилди.
Партия ичидаги демократия ҳақида гапирар экан, у «бошқаларга ҳам имконият бериш керак», деди. Гарибашвили ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясига раис бўлиш таклифини қабул қилганини ҳам таъкидлади.
«Партиямиз асосчиси ва фахрий раиси жаноб Бидзина Иванишвили, партия ва парламент раҳбарияти ва аъзоларига, вазирликлар раҳбарлари ва ҳар бир ходимга, ҳукумат аппарати ходимларига, барча давлат хизматчиларига Бош вазирлик фаолиятим давомида кўрсатган улкан қўллаб-қувватлашлари учун миннатдорчилик билдираман», - деган Гарибашвили.
Бугун эрталаб Имеди телекомпанияси, «Грузия орзуси»нинг амалдаги раиси Ираклий Кобахидзе ва бош вазир Ираклий Гарибашвили ўзаро ўрин алмашиши кутилаётгани ҳақида хабар берди.
Ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар ҳам режалаштирилган, бу ҳақда ҳукмрон партия 1 февралга белгиланган қурултойда эълон қилади.
Гарибашвили бош вазирликка 2021 йил февралда келганди. У аввал ҳам (2013-2015) бош вазир бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter