Германия вазири Россия билан уруш хавфидан огоҳлантирди
Германия Россия билан ҳарбий можаро эҳтимолини ҳисобга олиши ва унга тайёрланиши керак, деди мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбари Борис Писториус ZDF телеканали орқали.
«Биз «ҳужумга махсус тайёргарлик» ҳақида гапирмаяпмиз, лекин бу имкониятни ҳисобга олишимиз керак. Уруш бўладими-йўқми номаълум, лекин хавф бор. Шунинг учун ўзимизни қуроллантиришимиз керак. Биз ҳозир НАТОдаги иттифоқчиларимиз билан биргаликда шундай қиляпмиз», деди у.
Болтиқбўйи давлатларида немис қўшинлари бўлиши керак, улар 2027 йилга бориб «тўлиқ жанговар тайёр» ҳолатда бўлади, дея қўшимча қилди вазир. У, шунингдек, ҳарбий экспертларнинг ҳисоб-китобларини келтирди, унга кўра, Россияга ҳарбий ҳаракатларни бошлаш учун бир неча йил керак бўлади.
«Бу тахмин — ҳеч ким аниғини билмайди. Биз эса бу вақтдан – кейинги уч-беш йил ичида ўзимизни қуроллантириш учун фаол фойдаланишимиз керак», — дея хулоса қилади Писториус.
Январь ойи ўрталарида Bild нашри Россия ва НАТО ўртасидаги эҳтимолий «уруш» таҳлил қилинган махфий ҳужжат мазмуни ҳақида мақола чоп этганди.
Кремль ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги Bild нашрига шубҳа билан қаради. «Мен Bild’нинг ушбу хабарига изоҳ бермайман», деганди Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков. Владимир Путин эса Россияда НАТО билан курашиш учун «ҳеч қандай сабаб» йўқлигини таъкидлаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter