Ғазо: Халқаро суд қароридан бир ой ўтиб...
БМТ Халқаро суди томонидан Ғазодаги вазият бўйича қарор қабул қилинганидан кейин ҳам фаластинликларни ўлдириш давом этмоқда. Бу ҳақда қамалдаги Ғазо сектори маъмурияти маълум қилди.
Исроил томонидан сўнгги бир ой давомида уюштирилган ҳужум ва бомбардимонларда 3882 киши ҳалок бўлди, 5933 киши жароҳатланди. Шу тариқа 2023 йил 7 октябрдан буён ҳалок бўлган фаластинликлар сони 30 мингга яқинлашиб қолди.
Халқаро маҳкама қарори чиққунга қадар Ғазода 132 нафар журналист ўлдирилган эди. Кейинги бир ойда улар сони 132 нафарга етди.
Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди.
Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини қасддан қиришда айбланмоқда.
Ҳаагадаги Халқаро суд 2024 йил 26 январь куни Исроилга ҲАМАС ҳаракатига қарши уруш олиб боришда Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрганди. Шунингдек, маҳкама Тель-Авив анклавдаги фаластинликлар учун гуманитар вазиятни яхшилаш чораларини кўриш мажбуриятини юклаганди.
Суд қароридан кейин ҳам Ғазодаги мактаб, университет, тураржой ва шифохоналарни бомбардимон қилиш тўхтамаган.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисидан 2 миллиони тураржойини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Айни пайтда сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳрида 1,5 миллион фаластинлик жон сақламоқда.
Сўнгги кунларда дунё ҳамжамияти Исроил армиясининг Рафаҳга ҳужуми оқибатларини муҳокама қилмоқда. Халқаро ташкилотлар Тель-Авив маъмуриятини юз минглаб фаластинлик қўним топган мазкур шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирган.
Рафаҳга ҳужум режасини Исроилнинг яқин иттифоқчилари ҳам маъқулламаган. Жумладан, АҚШ Исроил фаластинлик тинч аҳоли вакиллари хавфсизлигини таъминламас экан, Рафаҳдаги ҳарбий амалиёт қўллаб-қувватланмаслигини билдирган.
Халқаро ташкилотлар Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва муқаррар гуманитар фалокатнинг олдини олиш кераклиги ҳақида бонг урмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter