Гагаузия Россияга кўмак сўраб мурожаат қилиши мумкин
Агар Молдова Республикаси Гагауз мухтор ўлкасининг мустақиллик эълон қилишига жавобан ҳудудга қўшин киритса, у ҳолда ўлка раҳбарияти Кремлга кўмак сўраб мурожаат қилади. Бу ҳақда Гагаузия раҳбари Евгения Гуцул маълум қилди.
«Умид қиламанки, иш бунга қадар бормайди. Умид қиламанки, ҳукуматимиз соғлом ақлга қулоқ солади. Лекин иш бунга қадар борар экан, биз барча давлатларга ва албатта Россия Федерациясига (кўмак сўраб) мурожаат қиламиз», – деган мухтор ўлка раҳбари.
Унга кўра, Гагаузия мустақил Молдова Республикаси таркибида қолиш ниятида, аммо Кишинёв Руминияга қўшилишга ҳаракат қилгудек бўлса, мухтор ўлка мустақиллик учун курашга киришади.
Гап шундаки, жорий йил 4 апрель куни Руминия бош вазири Марчел Чолаку Молдова Европа Иттифоқига кирган тақдирда икки мамлакатнинг бирлашуви ғояси дастакланиши ҳақида гапирган эди. Бунга жавобан мухтор ўлка етакчиси Евгения Гуцул Молдова Руминия таркибига киришга урингудек бўлса, мустақил Гагауз Республикаси (1990-1995 йилларда мавжуд бўлган, тан олинмаган республика) тикланиши ҳақида баёнот берди.
Гагаузия – Молдова таркибидаги мухтор ўлкадир. Минтақа Россия ва ЕИ ўртасидаги сиёсий робиталарда ўзига хос мувозанат ва рақобат воситаси экани айтилади. Мухтор ўлканинг Кремль сиёсатини ёқловчи раҳбари Евгения Гуцул 6 март куни Россияга ташриф буюриб, президент Владимир Путин билан учрашган эди. Қайд этилишича, мухтор ўлка раҳбари Россия раҳбаридан БМТ даражасида «Кишинёв томонидан Гагаузияга босим ўтказилаётгани» масаласини кўтаришни сўраган. Гагаузия етакчиси Молдова томони уни Россия президенти билан учрашув учун жазолашга уринаётганидан ҳам баҳс этган.
Молдова президенти Майя Санду кўпдан буён Россия Молдова суверенитетига беҳурмат муносабатда бўлаётганини айтиб келади. 2023 йил февраль ойида у Кремль Молдовада давлат тўнтариши қилиш мақсадида қўпорувчилик ҳаракатларига ҳозирлик кўраётгани ҳақида баёнот берганди.
Кейинроқ АҚШ президенти маъмурияти ҳам Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлагани ҳақида хабар берди.
Молдова ахборот ва хавфсизлик хизмати Россиянинг 30 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари сайтларига тақиқ қўйган. Ушбу қарор «қора рўйхат»га тушган ОАВ Молдовада конституциявий тузумга қарши ҳаракатлар содир этаётгани, дезинформация воситасида зиддият ва кескинликни келтириб чиқаришга уринаётгани билан изоҳланган.
Молдова раҳбарияти мамлакат Россия босимларидан буткул қутулиб, Европа Иттифоқига аъзо бўлиши йўлида курашмоқда. Кишинёв МДҲ билан ҳамкорлик ҳам республикага манфаат келтирмайди деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter