Франция Янги Каледонияга қўшин киритди
Янги Каледонияда француз фуқароларининг сайлов ҳуқуқлари кенгайтирилишига қарши тартибсизликлар бошланиб кетгач, Франция архипелагга қўшин киритди.
BFMTV хабарига кўра, Янги Каледонияда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Франция ҳукумати қўшин киритилишини архипелагдаги аэропортлар ва портларни ҳимоялаш зарурлиги билан изоҳлади.
Франция бош вазири Габриэл Аттал баёнот беришича, оролларда TikTok блокланган. Елисей саройи тартибсизликлар оқибатида уч киши, жумладан, ўқотар қуролдан жароҳатланган полиция ходими вафот этганини маълум қилди.
Сўнгги 24 соат ичида 70 киши қўлга олинди, тартибсизликлар оқибатида 64 киши жароҳатланди, дея баёнот берди Янги Каледония олий комиссари. Гувоҳларга кўра, ҳудуд пойтахти Нумеада ўқ овозлари эшитилмоқда, исёнчилар уйларга ўт қўйишмоқда.
Янги Каледониядаги исёнга яқинда Франция миллий йиғини қабул қилган қонун лойиҳаси сабаб бўлди. Агарда бу қонунчилик ташаббуси узил-кесил қабул қилинса, қарийб 25 минг нафар французлар Франциянинг денгизорти ҳудудида маҳаллий ҳукуматни сайлаш ҳуқуқига эга бўлади. Янги қонун қабул қилинишига қарши чиқаётган маҳаллий айирмачилар французларга оролларда сайлов ҳуқуқини бериш Янги Каледониянинг тубжой халқи — канакларнинг электорал таъсири пасайишига олиб келишидан хавотирдалар.
Франция президенти Эммануэл Макрон юзага келган ҳолат бўйича ороллар ҳукумати билан видеоконференция шаклида «фикр алмашиш»ни таклиф қилди.
Ўтган оқшом Нумеада тартибсизликлар давом этди. Айрим туманларда вазият кескинлигича қолмоқда, дея хабар берди BFMTV.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter