Франция собиқ президенти катта жиноятда айбланмоқда
Франция собиқ президенти Николя Саркози «жиноий тўда»да иштирок этганликда айбланмоқда.
2007 йилда Ливия унинг президентлик кампаниясини молиялаштиргани гумон қилинмоқда. Бу ҳақда миллий молиявий прокуратура маълумотларига таяниб BFMTV телеканали хабар берди.
2018 йилда ушбу иш юзасидан Саркози пассив коррупция, сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш ва Ливия давлат маблағларини яширишда айбланганди. Франция собиқ президентининг ўзи 2018 йилда ўтказилган сўроқ пайтида уни «ҳеч қандай ашёвий далилсиз — Муаммар Қаззофий (Ливия собиқ етакчиси), унинг ўғли, жияни, амакиваччаси, вакили, собиқ бош вазир ва (бизнесмен) Зиёд Тоқиёддин аризаларига кўра» айблашганини эълон қилганди.
Ушбу иш юзасидан тергов 2012 йилда Францияда «Mediapart» нашри Саркозининг президентлик кампанияси эҳтиёжлари учун Ливия ҳукумати 50 миллион евро ўтказганлиги ҳақидаги ҳужжатларни чоп этгандан сўнг бошланган. Устига-устак, ваколат муддати тугаши ва дахлсизлик мақоми бекор қилиниши билан унга қарши коррупция, фирибгарлик ва сайлов кампанияси тартибини бузиш бўйича айбловлар илгари сурилди.
2016 йилда мазкур иш юзасидан келиб чиқиши Франция-Ливанга бориб тақаладиган бизнесмен Зиёд Тоқиёддин сўроқ қилинди. Унинг айтишича, 2006 йил охири — 2007 йил бошларида Ливиядан ўша пайтда Саркози раҳбарлик қилаётган Франция ИИВга ичида 5 миллион евро нақд пул бўлган чемоданни етказиб берган. Унинг сўзларига кўра, икки марта пулни Саркози идораси раҳбари Клод Геанга, бир марта эса шахсан президентликка номзоднинг қўлига тутқазган.
Николя Саркози 2007-2012 йилларда Бешинчи республикага раҳбарлик қилган.
Тергов идорасига кўра, 2007 ва 2012 йиллардаги сайлов кампанияси даврида Н.Саркози Ливиянинг марҳум раҳбари Муаммар Қаззофий ҳамда L'Oreal компанияси эгаси Лилиан Бетанкурдан ноқонуний равишда маблағ олган. Бундан ташқари, собиқ президент лавозимини кўтаришни ваъда қилиб, судья Гилберт Азибертдан терговга оид махфий маълумотларни олишга уринган. Қайд этиш жоизки, бу Франция собиқ президенти коррупцияда айбланиши билан боғлиқ дастлабки ҳолатдир. Тўғри, бунга қадар Жак Ширак ҳам ғазна маблағини талон-торож этишда айбланиб икки йил шартли жазога ҳукм қилинган. Аммо Ж.Ширак президентлик эмас, балки Париж мэри бўлган даврдаги қилмиши учун жазоланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter