Европарламент ЕИнинг етти йиллик бюджетини тасдиқлади
Европа парламенти Евроиттифоқнинг етти йиллик янги бюджетини тасдиқлади, энди бюджетни ЕИ мамлакатлари Кенгаши расман тасдиқлаши шарт, дейилади «РИА Новости» хабарида.
Етти йиллик бюджет 2021—2027 йилларни ўз ичига олувчи 1,1 триллион евролик молиявий режа, кейинчалик ундан ЕИнинг йиллик умумий бюджетлари «кесиб» олинади. Бюджет маблағларининг асосий манбаси иттифоқчи давлатлардан келиб тушадиган ажратмалар.
ЕИ умумий бюджети ҳисобидан иттифоқнинг ҳукумат органлари ва турли дастурлар, хусусан, иқлим масалалари, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар молиялаштириб борилади.
Бундан ташқари, Европа иттифоқининг инқирозга қарши 750 млрд. евролик «Келгуси авлод ЕИ» фонди тузилади. Бироқ уни Европарламент тасдиқлаши шарт эмас. Еврокомиссия фондни тўлдириш учун бозор пулларини жалб этади, кейин ундан иттифоқ мамлакатларига минтақанинг ҳозирги инқироздан чиқиши учун кредитлар ва грантлар ажратилади.
Эътиборли жиҳати, фонд ҳамда етти йиллик бюджет маблағларининг 30 фоизи иқлим бўйича вазиятни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга ажратилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter