Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европалик сиёсатчи Исроилни жазолаш йўлини айтди

Европалик сиёсатчи Исроилни жазолаш йўлини айтди

Испания ижтимоий сиёсат вазири аввалроқ Нетаняҳуни халқаро жиноий судга тортишни талаб қилганди.

Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра Исроилни Ғазода қатлиом уюштиришда айблади. «Исроил давлати Фаластин халқига қарши режалаштирилган қатлиомга чек қўйиши керак», – деган европалик сиёсатчи Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида.

Испан вазирига кўра, Ғарб давлатлари, хусусан, Европа Иттифоқи Украинадаги халқаро ҳуқуққа зид қилмишлари ортидан Россияга қарши санкциялар жорий этди, аммо Исроилнинг Ғазода тинч аҳолини бомбалашига шунчаки гунг томошабин бўлиб турибди.

Етакчи сиёсий кучларни иккиюзламачиликда айблаган вазир Исроилга қарши худди Россияга нисбатан  жорий этилгани каби молиявий санкциялар киритишни талаб қилган. Айни чоғда, у халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларига жавобан Исроил билан дипломатик алоқаларни узишни тавсия этган.

«Исроил жуда кучли экани ва қудратли дўстларга эга эканига қарамай, биз қатъийроқ ҳаракат қилишимиз керак», – деган Испания ҳукумати вакили.

Аввал хабар берганимиздек, Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра бир неча ҳафта муқаддам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу уруш жиноятларини содир этгани учун Халқаро жиноий судда жавоб бериши кераклигини талаб қилганди.

Politico нашри хабарига кўра, Бельгия бош вазири ўринбосари Петра де Саттер ҳам Тель-Авивга қарши молиявий жазо чораларини қўллаш керак деган фикрда.

«Исроилга қарши санкциялар жорий этиш вақти келди. Бомбардимонлар ноинсоний тусга кирди. Ғазода ҳарбий жиноятлар содир этилмоқда, Исроил эса ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги халқаро талабларни писанд қилмаяпти», – деган Бельгия ҳукумати раҳбари муовини.

Маълумот ўрнида, айни пайтда бутун дунёда, хусусан, мусулмон оламида Исроилнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларини молиявий дастаклаётган ширкатларга қарши бойкот эълон қилиш, уларнинг маҳсулот ва хизматларидан фойдаланмаслик тарғиб этилмоқда. Бойкот амалиёти, айниқса, Туркия, Малайзия, Индонезия, Миср ва бошқа араб давлатларида фаол кечаётгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказяпти. Тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган дунё ҳамжамияти Исроилдан халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда. Хусусан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урди.

2,3 миллион нуфусли Ғазо минтақаси сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.

Сўнгги хабарларга кўра, БМТнинг махсус маърузачиси Балакришнан Ражгопал Исроил ҳарбий амалиёти оқибатида Ғазода юзага келган вайронагарчиликларни халқаро жиноят деб атаган.

Маърузачи аҳоли уйлари, шифохоналар, тез ёрдам машиналари, мактаб, масжид, черков ва қочқинлар лагерлари бомбардимон қилинаётганини қоралаган

БМТ Бош ассамблеяси гуманитар мақсадда ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция қабул қилган. Ушбу ҳужжатни 120 давлат қўллаб-қувватлаган. Исроил томони эса ҲАМАС ҳаракати буткул йўқ қилинмагунга қадар ҳарбий амалиёт тўхтатилмаслигини маълум қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг