Европа Трампнинг қарорини қоралади
![Европа Трампнинг қарорини қоралади](https://static.xabaruz.com/crop/1/2/720_460_95_1227347982.jpg)
Трампнинг даъвосича, халқаро суд АҚШ ва иттифоқчиларига қарши чора қўллашга ҳақли эмас.
Европа Иттифоқи ижроия ва қонунчилик идоралари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Халқаро жиноят судига (ХЖС) қарши санкция киритишга доир қарорини қораламоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Трамп ўтган ҳафта Исроил раҳбариятини ҳибсга олиш ҳақида ордер бергани сабаб ХЖСга қарши санкция жорий этди. Ғазодаги жиноятларни тергов қилаётган масъуллар ва уларнинг оилаларига нисбатан молиявий, виза чекловлари киритилди.
ЕИ комиссарлари ва Европарламент депутатлари қонунчилик идорасининг Страсбург шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида ХЖСни ҳимоя қилиб чиқдилар.
Европа депутатлари фикрича, АҚШ томонидан жазо қўлланиши ХЖС олиб бораётган тергов-суд ишларига салбий таъсир кўрсатади, умуман, дунёда ҳисобдорликни таъминлаш йўлидаги кўп йиллик уринишларни йўққа чиқаради.
«ХЖС таҳдид, қўрқитиш ва босим остида қолаётгани ўта таассуфланарлидир. Халқаро судга, унинг ходимларига ва унинг ишида қатнашаётган барча шахсларга таҳдидларни оқлаб бўлмайди», – деди Польшанинг ЕИ ишлари бўйича вазири Адам Шлапка.
Аввалроқ Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳам Трамп томонидан санкция жорий этилиши ХЖС томонидан Украинадаги жиноятлар бўйича олиб борилаётган тергов ишига халал беришини айтганди.
«ХЖС халқаро жиноятлар учун жавобгарликни кафолатлайди ва бутун дунёда жабрдийдаларга ўз дардини айтиш имконини беради. У бутун дунёда жазосизликка қарши тўсқинликсиз кураша олиши лозим», – деган Еврокомиссия президенти.
Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ҳам ХЖСнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги халқаро миқёсда адолат ўрнатишда муҳимлигини таъкидлаган.
Хабарингиз бор, 2024 йил 21 ноябрь куни Халқаро жиноят суди Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.
Халқаро жиноят суди – доимий асосда фаолият юритувчи юридик орган бўлиб, 1998 йил 17 июлда имзоланган Рим статутига асосан таъсис этилган. Маҳкама халқаро миқёсдаги оғир қилмишлар – геноцид, инсониятга қарши ва ҳарбий жиноятларни кўриб чиқади. Рим статутини имзолаган 123 давлат маҳкама ҳужжатларини бажаришга мажбур.
Инсон ҳуқуқларини байроқ қилган АҚШ томонидан глобал миқёсда адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган ХЖСга жазо чоралари қўлланиши мисли кўрилмаган ҳолат деб баҳоланди. Кузатувчилар бу ҳол иккиюзламачилик ўлароқ баҳоланишидан огоҳлантирган.
Гап шундаки, АҚШ раҳбарияти халқаро суд 2023 йил 17 март куни Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берганида бу қарорни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган эди.
Халқаро маҳкама прокурори Карим Хонга кўра, Исроилнинг юқори рутбали амалдорларига нисбатан тергов олиб бориш пайти унга таҳдидлар бўлган, ҳатто амалдорлардан бири халқаро маҳкама Ғарб ва унинг иттифоқчилари учун эмас, балки «Африка ва Путин каби каллакесарлар учун тузилгани»ни уқтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter