Евроиттифоқ ҳудудига қарийб 4,3 млн украиналик қочиб ўтган – Евростат
2023 йил 30 ноябр ҳолатига кўра, Россия босқинидан сўнг Украинани тарк этган 4,27 миллион фуқаро Европа Иттифоқи мамлакатларида вақтинча ҳимоя остида яшамоқда. Бу ҳақда Евроиттифоқ статистика ташкилоти маълум қилмоқда.
Украинадан келган қочоқларнинг асосий қабул қилувчилари – Германия (1 235 960 киши, ЕИ ҳудудидаги жами украиналикларнинг 28,9 фоизи), Польша (955 110 киши, 22,3 фоиз) ва Чехия (369 330 киши, 8,6 фоиз) давлатлари бўлиб турибди.
2023 йилнинг октябри охирлари билан таққослаганда, қочоқлар кириб келишининг энг катта ўсиши Германия (20 595 киши), Чехия (4 880 киши) ва Норвегия (4 180 киши) давлатларида, камайиш эса Польша (510 киши), Италия (160 киши), Франция (125 киши) ва Люксембург (15 киши) давлатларида кузатилган.
Маълумот учун, Европа Кенгаши 2022 йил 4 мартда Россия-Украина уруши туфайли Украинадан кўчирилганларга вақтинчалик ҳимояланган мақомини беришга доир қарорни қабул қилган эди. Кенгашнинг 2023 йил 28 сентябрдаги йиғилишида мазкур қарорнинг амал қилиш муддати 2024 йил 4 мартдан 2025 йил 4 мартигача узайтиришга келишиб олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter