Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эртага «энг бахтиёр юрт» байрами

Эртага «энг бахтиёр юрт» байрами

Фото: iStock

Шимолий Европада жойлашган Финляндия 6 декабрда ўз мустақиллик кунини кенг нишонлайди.

Тарихда кўп маротаба Дания, Швеция ва Россия давлатлари таркибига қўшиб олинган бу ўлка халқи ҳамиша озодлик, ҳурлик ва эрк учун курашган. 1917 йилга келиб, Россиядаги талотўплардан фойдаланиб, ўзининг тўлиқ мустақиллигини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Ташқи сиёсати ҳам кўп йиллар қудратли давлат билан мувозанатни тенг сақлаш тамойили асосига қурилган эди. 1948 йилда собиқ СССР билан дўстлик битимини имзолаб, демократик Ғарб ва коммунист Шарқ ўртасидаги олтин ўрталиқда ҳаракат қилиши халқи учун ғоятда фойдали бўлди.

Давлатни чорак аср бошқарган Урхо Кекконен (1956-81) қудратли қўшниси СССР билан муносабатларни бузмаган ҳолда етакчи Ғарб давлатлари билан алоқаларни изчил мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.

Шарқий Европанинг аксарият давлатларидан фарқли равишда жадал саноатлашуви ва демократик қадриятлари ҳисобига 1970 йилларда Ғарбий Европа давлатларининг юксак ҳаёт даражасига чиқиб олди.

Финляндия 1955 йилда Европа Иттифоқига, 1996 йилда Шенген битимига қўшилиши унинг иқтисодий салоҳияти ва имкониятларини янада оширди.

Бугунги кунда бутунжаҳон бахтиёрлик, матбуот эркинлиги индексида, оналик ва болалик ҳимоясида пешқадам, сайёрамизнинг энг барқарор мамлакат сифатида эътироф этиб келинмоқда.

Ҳозирда беш ярим миллиондан сал ортиқроқ аҳоли яшайдиган давлат ўзининг ҳайратомуз иқтисодий ўсиши билан дунё аҳлини лол қолдиришда давом этмоқда. Ўтган йили аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг улуши 48,7 минг долларга тўғри келгани ҳам унинг тараққиётини яққол тасдиқлайди.

Эътиборимни яна бир ўзини тортган жиҳат пандемия даврида бу ердаги самарали амалиёт бўлди. Финляндия – короновирус пандемиясини муваффақиятли назорат қила олган жаҳондаги кам сонли мамлакатлардан биридир. 30 мингга ҳам етмайдиган умумий касалларнинг 400 нафари вафот этди, холос.

Ҳозиргача, Европанинг ҳеч бир мамлакатида бундай паст кўрсаткич мавжуд эмас. Масалан, аҳолиси деярли тенг бўлган Данияда қарийб 80 минг, Словакияда 110 мингга яқин ҳолат қайд этилган, ўлимлар сони ҳам катта.

Ҳукуматнинг самарали чоралари, пандемиянинг бошланғич босқичидаёқ қатъий тартиб ўрнатилгани, аҳолининг ўзини ўзи ҳимоялаш тизимини олиб боргани, рақамли иқтисодиёт ва технологияларнинг ривожлангани кутилган натижани берди.

Шимолий минтақалари қутб доирасида жойлашган ва тоғларини доимий музликлар қоплаган диёр ўзининг бетакрор табиати ва ниҳоятда мусаффо об-ҳавоси билан ажралиб туради. Бу ерда 20 миллион гектар ўрмон, 2 мингдан ортиқ катта-кичик дарёлар ва 190 мингдан зиёд турли ҳажмдаги кўллар, 39 та миллий парклар мавжуд.

Сайёрамизда энг тоза экологик ҳолатга эга мамлакат бу турдаги жиноятлар учун Жиноят Кодексидаги моддаларни йил сайин оғирлаштириб бормоқда. Европа Иттифоқининг тегишли қарорига амал қилиб, мамлакатда 2030 йилга бориб, атмосферага чиқариладиган заҳарли газлар миқдорини 50 фоизга камайтириш бўйича дастур амал қилмоқда.

2013 йилда Ҳайвонлар ишлари бўйича ваколатли вакил лавозими ҳам жорий этилган. Фин жамиятида жониворлар ҳолатини яхшилаш ва бу борада ташаббус ва таклифлар ишлаб чиқиш, ҳайвонлар ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни шарҳлаб бориш, уларни ҳимоя қилишни кучайтириш айнан унинг ваколатларига киради.

Сўнгги йилларда тобора кўпроқ жониворлар билан боғлиқ муаммолар кўтарилаётган Ўзбекистонда ҳам ана шундай лавозим жорий этиш вақти келмаганмикан?!

Халқаро тадқиқот марказлари таҳлилларига кўра, мамлакат ҳуқуқий давлатлар рейтингида учликка кирса, жиноий судлов тизими энг яхшидир. Қоғоз ва музёрар кемалар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи.

Аҳоли жон бошига газеталар ададининг тўғри келиши бўйича Норвегия ва Япониядан кейин жаҳонда учинчи ўринда туради. Икки юздан ортиқ газеталар 4,3 миллион нусхада, икки мингдан ортиқ номдаги журналлар эса 15 миллион ададда чоп этиб келинмоқда. 12-69 ёшгача бўлган ҳар ўнтадан тўққизта финн ҳар куни газета ўқишади.

Коррупция даражаси энг кам, рақобатбардошлик, мобил интернетга уланиш, ижтимоий ривожланиш рейтингларида, билим даражаси, ахборот технологияларини ривожлантириш, гендер тенглиги, пенсионерларга шароитлар яратиб бериш бўйича ҳам сўнгги йилларда энг яхши давлатлар қаторида бўлиб келмоқда.

Аммо бу юртда анъанавий оила қадриятлари аста-секин дарз кетмоқда. Бир миллиондан ортиқроқ киши ёлғиз яшамоқда, бир вақтнинг ўзида фарзандсиз оилалар сони ортиб бормоқда. Бу ҳам камлик қилгандек, 2017 йил 1 мартдан бир жинсли оилаларга рухсат берувчи қонун кучга кирди.

Туғилиш кўрсаткичлари камайиши ҳисобига (аҳолисининг салкам 90 фоизи финлар, 5 фоизи шведлардан иборат) мамлакатда сўнгги йилларда хорижлик мигрантлар, асосан сомалилик, руминиялик, эстониялик, араблар ва бошқа миллатлар улуши тобора ортиб бормоқда.

Дилдора Шомуротова,
Пискент туманидаги 8-мактаб
география фани ўқитувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг