Эроннинг ҳужумини қайтариш Исроилга қанчага тушди?
Эроннинг ракета ва дронлар ҳужумини қайтариш Исроилга 1 миллиард доллардан кўпроққа тушди. Бу ҳақда Financial Times исроиллик собиқ ҳарбийга асосланиб хабар берди.
«Исроилнинг ўша кунги мудофаа харажатлари қўлланилган воситалар қийматидан келиб чиқарилди», — дейилади хабарда.
Шунинг баробарида, бу харажатларга АҚШ, Буюк Британия ва Франция самолётлар жўнатишга сарфлаган маблағлар қўшилмаган.
Аввалроқ Исроил мудофаа армияси бош штаби (ЦАХАЛ)нинг молия маслаҳатчиси, захирадаги бригада генерали Рам Аминах Эроннинг юзлаб ракеталари ва дронларини қайтариш Исроилга бир кечада 1,3 млрд долларга тушиши мумкинлигини айтганди. У қўшимча қилишича, бу Эрон ҳужумга сарфлагандан анча кўп.
Маълумот учун: 1 апрел куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг Дамашқдаги консулхонасига ракета зарбаси берганди. Қурбонлар орасида Эрон ислом инқилоби посбонлари корпусининг икки генерали — Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ходи Ҳожилар бўлган.
Бунга жавобан 13 апрелдан 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга 200 дан зиёд ракеталар ва учувчисиз қурилмалардан иборат катта ҳужум уюштирди.
Эрон давлат телеканали Press TV 15 апрелда берган хабарда Исроилга йўналтирилган барча гипертовушли ракеталар исроилликларнинг ҳаво ҳужумига қарши ҳимоясини ёриб ўтиб, белгиланган нишонларга етиб боргани айтилади. Шундан сал аввал телеканал Эрон Исроига қарата камида еттита шундай ракетани учиргани ҳақида хабар берганди.
Ўз навбатида, АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги (CENTCOM) матбуот хизмати баёнот бериб, америкалик ҳарбийлар АҚШ ҚК Европадаги бўлинмаларининг кемалари қўллаб-қувватлови остида Эрон ва Яман томонидан Исроилга уюштирилган кенг кўламли ҳаво ҳужумини қайтариб, 80 дан ортиқ дронлар ва камида 6 та баллистик ракета уриб туширилганини маълум қилган. Қолаверса, Яманнинг ҳусийлар назоратидаги қисмида учириш қурилмаси ва 7 та учувчисиз қурилма йўқ қилингани айтилади.
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу 15 апрел кунги баёнотида Исроил зарбага жавоб беришини айтди. Унинг таъкидлашича, яҳудий давлати ҳиссиётларни жиловлаган ҳолда «донолик» билан иш тутади.
Ўша куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ҳам баёнот бериб, агарда Исроил ўз ҳудудига берилган зарбаларга жавоб қайтарса, бунинг жавоби янада қаттиқ бўлишидан АҚШни огоҳлантирди.
Унинг ўринбосари Али Багирий 16 апрел куни чиқиш қилиб, Теҳрон Исроилнинг жавоб зарбасига жавобан энди 12 кун кутмасдан, сонияларда янада кучлироқ зарбалар беришини айтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter