Эронда сайловлар ўтмоқда
Эронда бугун президенлик сайловлари бўлиб ўтмоқда. Муқаддам рўйхатдан ўтган олти юзга яқин номзодликка талабгорлар орасидан Конституция қўриқчилари кенгаши еттита энг муносибни танлаб олинган эди.
Икки кун муқаддам Қум шаҳридан Алиризо Заканий, собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода ва Миллий хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Саид Жалолий ўз номзодларини чақириб олишди.
Сиёсий кураш Олий суд раиси И.Раисий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси собиқ қўмондони М.Ризоий, Парламент тадқиқотлар маркази раиси ва парламент раиси ўринбосари Э.Ҳошимий, Марказий банк собиқ раҳбари А.Ҳимматийлар ўртасида кечмоқда.
Аввалроқ айрим сабаблар билан собиқ президент М.Аҳмадинажод ва таниқли сиёсатчи А.Ларжонийлар номзодларини иштирок этиши учун аризасини қабул қилиш рад этилган эди.
Экспертлар бугунги сайловларда номзодлар орасида Иброҳим Раисийнинг имкониятлари ниҳоятда катта, деб баҳолашмоқда. Чунки унинг коррупцияга қарши бошлаган кескин кураши, хотин-қизлар манфаатларини илгари сурувчи қонун лойиҳаларни ишлаб чиққани аҳоли орасида катта эътибор қозонмоқда. Қолаверса, у мамлакат олий раҳбари – Оятуллонинг ишонган одамидир. Улар шиалар учун муқаддас ҳисобланган Машҳад шаҳрида туғилган.
Раисий жаноблари 1988 йилда «ўлим қўмитаси» деб номланган ва ўн минглаб мухолиф фикрли кишиларни қатл этиш учун қарор чиқарган тўрт нафар таниқли судянинг бири ҳисобланади.
У 2017 йилдаги сайловларда ҳам амалдаги президент Ҳасан Руҳонийга қарши ҳам иштирок этган, бироқ мағлубиятга учраган. Ўшанда Раисий 38,3 фоиз тўплаган бўлса, Руҳоний 57 фоиз овоз йиғиб, улоқни илиб кетган эди. Икки йил муқаддам АҚШ ҳукумати Раисийни санкциялар рўйхатига қўшган.
Раисий агар президент этиб сайланса, асосий рақиби бўлган АҚШ таҳдидларига қарши муносиб жавоб қайтаришга, бироқ тўхтаб қолган ядро келишувини қайта тиклашга ваъда берган.
Бўлажак президентга осон эмас...
Ҳозирда мамлакат иқтисодиёти АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан қўлланиб келаётган санкциялар туфайли қаттиқ азият чекмоқда. Дональд Трамп киритган санкциялар, халқаро майдонда яккалаб қўйиш ва босим ўтказиш сиёсати мамлакатда инфляция даражасини кескин ошириб юборди, риал курси тушиб кетди.
Ўтган молия йилида нефть сектори 12 фоизга қисқарди, шу йил охирига қадар ялпи ички маҳсулоти 6 фоизга камайиши, давлат қарзи 50 фоизга ошиши кутилмоқда.
Боз устида, коронавирус ҳам Эрон учун жуда аянчли келди. Чекловлар туфайли четдан дори-дармонлар келтириш имкониятлари камайиб кетди. Натижада беш миллион беморнинг 82 минг нафари ҳаётдан кўз юмди.
Ҳозиргача 4,5 миллион киши эмланиб, шу йил охирига қадар 14 миллион киши дастлабки вакциналарни олиши кутилаётганига қарамай, касалликни узил-кесил тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти.
Президент ким бўлишидан қатъи назар халқаро санкцияларни босқичма-босқич ечиш, асосий экспорт тушумларини берадиган ва жуда катта ресурсларга эга нефть ва газни четга кўпроқ сотиш муҳимдир.
Янги президент ташқи сиёсатда ҳам Эроннинг Яман, Сурия, Ироқ ва Фаластиндаги ортиб бораётган таъсирини кучайтиришга интилиши аниқ.
Эрондаги ўзига хослик шундаки, Президент амалда мутлақ раҳбар эмас, балки ваколати чекланган ижрочидир. Мамлакат олий раҳбари ҳисобланган Оятуллоҳ Ҳомейний давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилаб берувчи асосий арбоб ҳисобланади.
Ким ҳокимиятга келса ҳам унинг чизиб берган йўлидан чиқмаслиги талаб этилади. Шу билан бирга, агар Раисий ғалаба қозонса, 82 ёшга кирган Олий диний раҳбар ўрнини эгаллаш истиқболлари катталиги айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги Президент Ҳасан Руҳоний шу йилнинг августига қадар мамлакатни идора қилади. У иккинчи маротаба қайта сайлангани боис, қонунга мувофиқ учинчи марта сайловларда иштирок эта олмайди.
Чарос Қосимова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter