Эрон: «бомба отаси»ни ўлдиришда сунъий йўлдошдан фойдаланишган
Эрон қуролли кучлари вакили Рамазон Шариф мудофаа вазир ўринбосари, ядро-физик Муҳсин Фахризода сунъий йўлдошдан бошқариладиган қурол ёрдамида ўлдирилганини тасдиқлади.
Фахризода 27 ноябрь куни Теҳрон яқинидаги суиқасд натижасида ҳалок бўлди. У оғир жароҳат олиб, шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Марҳум олим Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот ва инновацион ташкилотнинг раҳбари, ҳарбий кафедра раҳбарининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
«Sepah News» порталининг хабарига кўра, юқори мартабали ҳарбий амалдор Фахризодани ўлдиришда «сунъий йўлдош томонидан бошқариладиган замонавий электрон ускуналардан фойдаланилган»ини айтган.
«Fars» агентлигининг маълум қилишича, у 150 метр узоқликдаги «Nissan» автомашинасига ўрнатилган ва масофадан бошқариладиган қуролдан отиб ўлдирилган. Суиқасд содир бўлган жойда Фахризода ва унинг соқчиларидан бошқа ҳеч ким бўлмаган.
Сунъий йўлдош ҳақидаги маълумотни аввалроқ «Al-Alam» телеканали ўз манбаларига таянган ҳолда эълон қилган эди.
Жиноят содир этилган жойда жиноятчиларнинг йўқлиги тўғрисидаги маълумотлар Эрон расмийлари томонидан тасдиқланди. Улар суиқасдни ким режалаштиргани ва қотилликка алоқадор бошқа шахсларни аниқлашганини маълум қилишди.
Эрон ҳукумати содир бўлган ҳодисада Исроилни, шунингдек, мамлакатда тақиқланган «Эрон халқ мужоҳидлар ташкилоти»ни айблаб, қотилликка жавоб қайтаришга ваъда берди. Эроннинг баъзи расмийлари АҚШ ва Саудия Арабистонининг алоқаларига ҳам ишора қилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter