Ерга ўхшаш янги сайёра топилди — олимларнинг умиди катта
Астрономлар TESS фазовий телескопи ёрдамида янги экзосайёрани кашф қилишди — у Gliese-12 b дея номланди. Ердан 40 ёруғлик йили масофасида жойлашган Gliese-12 b деярли сайёрамиз каби катталикда ва ўз юлдузига нисбатан яқин орбитада кезиб юргани унда ҳаёт мавжуд бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари суришга асос беради.
Gliese-12 b сайёрасининг юлдузи — бизнинг Қуёшга қараганда анча кичик ва совуқ қизил карлик. Бу юлдузнинг фаоллик даражаси жуда суст, яъни унинг вайронкор нур таратиш эҳтимоли ҳам кам бўлиши мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Gliese-12 b сиртида ҳарорат Целсий бўйича 42 даражагача етиши мумкин, бу Қуёш тизимидаги қайноқ Зуҳро (Венера) сайёрасига солиштирганда, анча паст ҳарорат. Ўз-ўзидан, бу омиллар коинот кенгликларида ҳаёт аломатларини қидираётган тадқиқотчилар янги очилган сайёранинг жозибадорлигини оширади.
Бироқ Gliese-12 b сайёрасида ҳаёт мавжуд бўлиши учун муҳим омил — атмосферанинг бор-йўқлиги ва унинг таркиби ҳозирча номаълум. Шунинг учун тадқиқотчилар бундан буёғига сайёрани янада синчиклаб кузатиш, унинг атмосферасини таҳлил қилиш учун Уэбб фазовий телескопидан фойдаланишмоқчи.
Хуллас, Gliese-12 b кашф қилиниши Ердан ташқарида ҳам ҳаёт аломатларини топиш йўлида умидлар билан бирга, кўплаб саволларни ҳам ўртага ташламоқда. Келгусидаги кузатувлар ва маълумотлар таҳлили ўта муҳимлигини таъкидлаган олимлар яхши гумон билан тадқиқотларни давом эттиришмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter