Эрдўғон ва Башар Асад учрашуви Самарқандда бўлиб ўтиши мумкин – ОАВ
Айрим хориж ОАВларига кўра, Туркия ва Сурия ўртасидаги ўн йилдан кўпроқ вақт олдин узилган икки томонлама муносабатларни қайта тиклаш учун фаол тайёргарлик кўрилмоқда. Туркия матбуоти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Сурия режими раҳбари Башар ал-Ассад билан учрашуви Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Ўзбекистонда бўлиб ўтиши мумкинлигини ёзяпти.
Маълумки, Туркия ШҲТга аъзо эмас. Бироқ яқинда Сочида бўлиб ўтган музокаралар чоғида Президент Эрдўғон Россия президенти Владимир Путиндан Тошкент саммитига таклифнома олди. Анқарадаги хабардор манбаларга кўра, Эрдўғон уни қабул қилган.
Haqqin.az нашрининг Дамашқ университети профессори Меҳмет Ювага таяниб хабар беришича, ШҲТ саммитига Сурия президенти Башар Асад ҳам таклиф этилган.
«Шу тариқа, Эрдўғон ва Асад ўртасидаги шахсий учрашув эҳтимоли жуда реал кўринади. Айниқса, сўнгги пайтларда Туркия оммавий ахборот воситаларида Москва воситачилигида Эрдўғон ва Асад учрашувини ташкил этиш билан боғлиқ махфий музокаралар ҳақида хабарлар пайдо бўлаётган эди.
Эрдўғоннинг ўзи ҳам Сурия расмийлари билан яширин музокаралар олиб борилганини инкор этмай, Киевдан Анқарага кетаётиб, унга ҳамроҳлик қилаётган журналистларга «мамлакатлар ўртасидаги сиёсий мулоқот ва дипломатияни бутунлай тўхтатиб бўлмаслигини, бундай мулоқот зарур ва у доимо мавжуд бўлиши»ни таъкидлаган», – дейилади нашрда.
Эслатиб ўтамиз, Сурияда 2011 йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши даврида Туркия Сурия мухолифатини доимий равишда қўллаб-қувватлаб, Башар Асад ҳукуматини қонуний деб тан олишдан бош тортиб келади.
Маълумот учун, ШҲТнинг навбатдаги саммити жорий йил 15 – 16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter