Эрдўғон Швециянинг НАТОга қўшилишига рози бўлди
Туркия президенти Тойиб Эрдўғон Швециянинг НАТО ҳарбий алянсига қўшилиш таклифини парламентга юборишга рози бўлди. Бу ҳақда Вилнюсдаги НАТО саммити арафасида Бош котиб Йенс Столтенберг маълум қилди.
«Президент Эрдўғон Швециянинг қўшилиш протоколини имкон қадар тезроқ Буюк миллий мажлисга юборишга ва ратификацияни таъминлаш учун ассамблея билан яқиндан ҳамкорлик қилишга рози бўлганини эълон қилишдан хурсандман», – дейди Столтенберг матбуот анжуманида.
Столтенберг Швециянинг аъзолиги Туркия парламенти – Буюк миллий ассамблея томонидан ратификация қилинадиган санани айтмаган.
Швеция ва Финляндия ўтган йили НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Ҳар икки давлатнинг ҳарбий қўшилмаслик сиёсатидан воз кечиши қарорига Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳамда хавфсизлик масалаларини қайта кўриб чиққанидан сўнг келган эди.
Алянсга аризалар НАТОнинг барча аъзолари томонидан маъқулланиши керак ва апрел ойида Финляндияга рухсат берилган бўлса-да, Туркия ва Венгрия Швецияни ташкилот сафида кўришни истамай келаётган эди.
Эрдўғон эса, ўз навбатида, Швецияда жангари гуруҳлар аъзолари, асосан Курдистон Ишчи партияси (PKK) тарафдорлари борлигини, уларни намойишлар уюштиришда ва террорчи гуруҳларни молиялашда айблайди. Стокголмдаги Туркияга қарши намойишлар ҳам унинг ғазабини оширди.
Айни пайтда Швеция Туркия билан ўтган йили музокараларда келишилган барча талабларни бажарганлигини, жумладан, террор ташкилоти аъзолигини ноқонуний деб белгиловчи янги қонун лойиҳасини тақдим этганини ва сўз эркинлиги конституциясида ҳимояланганлигини таъкидлади.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг маъмурияти раҳбари ҳам пайшанба куни Будапешт Швециянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилишга тўсқинлик қилмаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Эрдўғон Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши Швециянинг НАТОга қўшилишини тезлаштириши ҳақидаги тўхталган эди.
Шунингдек, Швеция ҳукумати мамлакатда мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръони каримни таҳқирловчи хатти-ҳаракатларни тақиқлашга доир қонун лойиҳасини ишлаб чиққани хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter