Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Самарқандда Путин билан қайси масалани муҳокама қилмоқчи эканини очиқлади

Эрдўғон Самарқандда Путин билан қайси масалани муҳокама қилмоқчи эканини очиқлади

Фото: AA

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15-16 сентябрь куни Самарқандда ташкил этилаётган ШҲТ саммити доирасида Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара ўтказади. Бу ҳақда Эрдўғоннинг ўзи Болқон мамлакатларига ташриф давомида ОАВ вакилларига маълум қилди.

Икки давлат раҳбари музокарасида яшил коридор орқали ғалла етказиш масаласи марказий ўрин тутади.

«Самарқандда Путиндан яшил коридор орқали ғалла етказишни бошлашни сўрайман. Россиядан ғалла юбориш бошланиши билан юкларни Африканинг қашшоқ мамлакатларига ҳам оқилона тақсимлаш ва етказиш тизими йўлга қўйилади. Мен бу масалани Россия президенти олдига очиқчасига қўяман. Африкада оғир аҳволда қолган давлатлар талайгина, ахир!» – деган Туркия президенти.

Эрдўғон айни пайтда Украина портларидан экспорт қилинаётган ғалла биринчи навбатда камбағал ўлкалар эмас, бой давлатларга юборилаётганини ҳам танқид қилган.

«Бундай бўлмаслиги керак. Асосий мақсад озиқ-овқат муаммосини ҳал этишда камбағал мамлакатларни қўллаб-қувватлаш эди-ку! Афсуски, ҳозир манзара буткул ўзгача. Кемалар ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатларга йўл олмоқда», – деган у.

Туркия етакчиси Россия президенти билан мулоқотда ўз мамлакати аҳолиси учун мақбул нархда газ олиш масаласини ҳам кўтаришини қайд этган.

Россия босқини сабабли Украина омборларида сақланаётган катта миқдордаги донни Қора денгиз орқали дунё мамлакатларига сотиш йўли ёпилиб қолган эди. Оқибатда озиқ-овқат бозорида нарх осмонга сапчиб, кўплаб мамлакатларга очарчилик хавф солаётган эди.

Аввал хабар берганимиздек, очарчиликнинг олдини олиш мақсадида жорий йил 22 июль куни Истанбул шаҳрида «Украина портларидан ғалла ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз олиб ўтиш ташаббуси» деб номланган битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш шафелигида тасдиқланди. Битимга мезбон давлат номидан Туркия мудофаа вазири Хулуси Акар, Россия номидан мудофаа вазири Сергей Шойгу, Украина номидан инфраструктура вазири Александр Кубраков имзо чеккан. БМТ бош котиби мазкур ҳодисага “Қора денгизда умид учқуни порлади» дея муносабат билдирган.

Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида халқаро аҳамиятга молик бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиши кутилмоқда. Куни кеча Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Самарқанд саммитида 8 та давлат раҳбари ШҲТ аъзоси сифатида, 3 та давлат раҳбари кузатувчи мақомида, 4 та давлат раҳбари эса меҳмон ўлароқ иштирок этишини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг