Эрдўғон Исроилга боришдан бош тортди ва аччиқ гапларни айтди
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон партиядошлари билан учрашувда Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилишга қарор қилганини айтди. У буни Ғазо секторидаги вазият билан изоҳлади, деб ёзади Hurriyet.
«Бир марта Бенямин Нетаняху билан қўл бериб кўришдим. Бу АҚШдаги «Турк уйи»да содир бўлди. Аммо у бизнинг хайрихоҳлигимизни суиистеъмол қилди ва биз Исроилга боришдан бош тортдик», — деди Эрдўғон.
Туркия президенти Ғазо секторидаги болалар ўлимида Ғарб давлатларини ҳам айблади.
«Ҳужумни оқлаш Ғарбнинг қонли тарихидан қолган меросдир. Ғазо секторидаги қирғиннинг айбдорлари Исроилга чексиз ёрдам кўрсатаётганлардир. Улар бу минтақага ҳеч қачон тинчлик келмаслигини хоҳлайдилар», — деди Эрдўғон.
«Агар биз тинчлик ҳукм сурадиган дунёни хоҳласак, хоч ва ярим ой тушунчасидан воз кечиш керак. Акс ҳолда бу инсоният учун шармандалик бўлади», — дея қўшимча қилди у.
Эрдўғон ҲАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслигини, унинг жангчиларини ўз юртини озод қилиш учун курашаётган мужоҳидлар деб билишини айтди. Шунингдек, туркларнинг ҳеч қачон ирқчи бўлмаганини яҳудийлар ҳаммадан яхши билишини қайд этди.
Туркия президентининг сўзларига кўра, барча томонлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишни эълон қилиши, Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш учун Рафаҳ назорат пункти ҳам очилиши керак. Туркия фаластинликлар хавфсизлигининг кафилига айланишга тайёр.
«Минтақада тинчлик бутун дунё томонидан тан олинган мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига боғлиқ. Акс ҳолда, бу вайрон қилувчи олов қаергача тарқалиши номаълум», дейди сиёсатчи.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter