Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон Ғазода тинчлик ўрнатиш йўлидаги асосий тўсиқни айтди

Эрдўғон Ғазода тинчлик ўрнатиш йўлидаги асосий тўсиқни айтди

Туркия президенти 12 йиллик танаффусдан кейин илк бор Қоҳирага борди.

Фото: AA

Ғазода 28 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди, аммо ўт очишни тўхтатишга қаратилган уринишлар АҚШнинг салбий ёндашуви сабаб натижа бермаётир. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Миср сафаридан қайтиш пайти журналистлар билан суҳбатда гапирган.

«АҚШ муаммоларни ҳал этиш учун минтақага бир қатор юқори мартабали расмийларни юборгани ҳақида баёнот берса-да, амалда кўзга кўринарли натижага эришилмади. Мураккаб вазиятга қарамай, биз оташкесим ва тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Чунки бошқа муқобил йўл йўқ», – деди Туркия етакчиси.

Ғазода Исроил ҳарбий амалиёти давомида минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлаётганига эътибор қаратган Эрдўғон халқаро ҳамжамият бу ҳолга томошабин бўлиб туриши мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Қатлиом қаршисида сукут сақлашнинг жавобгарлиги жуда улкан. Тарих одамларнинг қасддан ўлдирилишига йўл қўйганлар устидан албатта ўз ҳукмини ўқийди», – деди сиёсатчи.

У минтақада тинчлик ўрнатиш ва зиддиятни бартараф этишнинг асосий шарти 1967 йилги чегараларда, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши эканини бир карра урғулади.

Эрдўғон Туркия ва Миср ҳамкорлиги ҳар жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини ҳам қайд этди. Унга кўра, Анқара ва Қоҳиранинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши Ғазода тинчлик ўрнатишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Расмий Анқара Тель-Авив маъмуриятининг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини кескин танқиб қилиб келмоқда.

Аввалроқ президент Эрдўғон Фаластинда ҳарбий жиноятлар содир этаётган Исроилни жазолашга ҳаракат қилиши ҳақида гапирган эди.

Шунингдек, у Ғазода доимий ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилишини талаб қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг