Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эрдўғон: «Байденнинг 1915 йилги воқеалар бўйича баёноти тарихий ҳақиқатга зид»

Эрдўғон: «Байденнинг 1915 йилги воқеалар бўйича баёноти тарихий ҳақиқатга зид»

Фото: АА

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ етакчиси Жо Байденнинг «арман геноциди» хусусидаги баёнотига кескин эътироз билдирди. Туркия ҳукумати йиғилиши якунлари бўйича мурожаат қилган Эрдўғон америкалик ҳамкасбининг расмий позициясини тарихий ҳақиқатга зид деб атади.

Ж.Байден номидан жорий йил 24 апрель куни тарқатилган баёнотда 1915 йили Усмонийлар давлатида яшовчи кўп сонли арманлар ўлдирилгани ҳақида сўз боради. Баёнотда бу ҳодиса геноцид деб аталади.

Эрдўғоннинг таъкидлашича, Оқ уй баёноти сохта ва ёлғон маълумотларга асосланади.

«Жаноб Байден арманлар билан боғлиқ тарихни рисоладагидек ўрганмоғи мақсадга мувофиқдир. Биз тарихни чуқур билмасдан Туркия шаънига айтилган номақбул сўзларни кечирмаймиз», – дейди Туркия раҳбари.

Эрдўғон 1915 йилги воқеаларга изоҳ ҳам берган.

«Биринчи жаҳон уруши даврида Онадўлидаги арманлар хорижий давлатнинг фитнасига учиб исён кўтарган ва мусулмон аҳолига ҳужум қилган. Исёнчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган қатлиом ва шафқатсизликлар хусусидаги хотиралар ҳали унутилганича йўқ», – дейди у.

Айни чоқда, Туркия етакчиси насаби ва эътиқодидан қатъи назар биргина инсоннинг ҳам ўлдирилиши фожиа эканини урғулаб, Биринчи жаҳон урушининг оғир шарт-шароитида ҳалок бўлган Усмоний арманларига таъзия билдириш инсоний бурч эканини таъкидлаган.

Ушбу тарихий ҳодиса юзасидан расмий Анқаранинг позицияси қуйидагича: 1915 йили Шарқий Онадўлидаги арман аҳоли гуруҳи Усмонийларга қарши урушаётган руслар томонига ўтиб исён кўтаради, оқибатда уларнинг айримлари ҳалок бўлади. Туркия бу ҳодисани икки томондан ҳам қурбонлар берилган фожиа деб баҳолайди. Анқара тарихий ҳодисаларни холис ўрганиш учун Туркия ва Арманистон тарихчилари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида қўшма комиссия тузишни таклиф этиб келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг